Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Бугун сизларнинг эътиборингизга ҳавола қиладиган гувоҳлигимиз ҳар биримизга жуда яхши таниш бўлиши мумкин. Бу гувоҳлик яқиндагина бир биродаримизнинг ҳаётида бўлиб ўтган бўлиб, сизнинг Худо билан мубосатингизга ижобий таъсир қилишига шубҳа йўқ. Биродаримиз гувоҳлигини шундай бошлайди: «Мен яқинда Худонинг Руҳи, бизни бошқариб турадиган кучи қанчалик кучли эканини ҳис қилдим. Бу нарса менга жуда катта сабоқ бўлди. Муҳими бу ҳолатдан жуда муваффақият билан ўтиб олдим. Воқеа шундай бўлган эди. Мени бир гуруҳ ишчиларга бош қилиб қўйишди. Ишчиларнинг таклиф-истакларини бошлиққа, бошлиқнинг таклиф ва буйруқларини ишчиларга етказиб турар эдим. Ишим жуда яхши ва кўнгилдагидай кетаётган эди. Ўзим ҳам бошлиғим ҳам ишимдан мамнун эди.
Narrator 2 Аммо бир куни жуда қаттиқ васвасага тушиб қолдим. Бошлиғимиз ҳамма ишчиларни йиғиб, корхонамиз учун янги асбоб-ускуналар сотиб олиш кераклигини, агар маъқул келса, ишчиларнинг ҳар бири маълум бир сумма билан корхонага ёрдам қилишни илтимос қилди. Суммани эса кейинроқ ҳисоб-китоблардан кейин маълум қилишини айтди. Табиийки, суммани мен орқали билдирарди. У менга белгиланган суммани кўрсатди. Қўл остимдаги ишчиларга мана шу суммани тенг миқдорда тақсимлашни, агар баъзи ишчилар беролмаса ёки белгиланган суммадан камроқ берса ҳам мамнун бўлишимизни айтди. Мен ишдан сўнг ҳамма ишчиларни йиғиб ўн минутлик йиғилиш қилдим. Корхонамизнинг охирги йиллардаги ютуғини, агар янги асбоб-ускуна сотиб олишга ёрдам беришса, ишимиз аввалгидан ҳам унумли бўлишини ишонч билан таъкидладим.
Narrator 1 Шу орада кўнглимга шайтон оралади. Бошлиғимизнинг гапларини сўзма-сўз етказишим керак эди. Бироқ унинг охирги «белгиланган суммадан камроқ берсалар ҳам мамнун бўлиши», ҳақидаги жумлани олиб ташлаб, ҳаммани шу суммани беришга кўндирдим. Кейин эса миям иблиснинг раҳнамолиги остида жуда тез, тадбиркорлик билан ишлай бошлади. «Хўш, ишчилардан тахминан 45 фоизини суммани тўлиқ берди, деб ёзаман. Кейин эса 40 фоизи белгиланган суммадан камроқ берди деб, қолган 15 фоизи эса, умуман беролмади. Оилавий аҳволи кўтармас экан, деб қўя қоламан» — деб ўйладим. Тузган режам ўзимга жуда яхши бўлиб кўринди. Хисоблаб қарасам, шу кичик ёлғон билан бир дунё пулга эга бўлар эканман. Эртаси куни бошлиққа ҳисоботни ва ишчилардан олинган пулларни топширишни режа қилиб, пулларни сейфга солиб, уйга қайтдим.
Narrator 2 Аммо виждоним тинчлик бермади. Кечаси билан ухлай олмай, ўз-ўзим билан курашиб чиқдим. Худди ичимда иккита бир-бирига ўхшамайдиган инсон талашаётгандай эди. Тонгга яқин Худодан кечирим сўрадим. Шайтоннинг васвасасига алданиб, Худога итоатсизлик қилишимга сал қолган эди. Сал бўлмаса, пулнинг жозибасига мафтун бўлиб, гуноҳга қўл урардим. Балки қилган ишимни ҳеч ким сезмасди, бироқ шундай кир виждон билан яшаш ўзимга оғир келган бўларди. Шунинг учун ҳам ўша куни тонгда Худога тавба қилиб, ишга эрта бордим. Рўйхатни бошқатдан туздим, ҳамма берган суммани тўлиғича киритдим. Ўзимга ажратиб қўйган пулни умумий пулга қўшиб, ҳисоб-китобни тўлиқ қилиб, бошлиққа олиб кирдим. Шундан сўнг ўзимни енгил ва ҳотиржам ҳис қилдим.