Ассалому алайкум. Болалар катта бўлгани сари, биз оналар ташвишга туша бошлаймиз. Чунки тарбиялаш чоғида биз йўл қўйган хатолар уларда кўрина бошлайди. Шундай хатолардан бири ўзбошимчаликдир. Аслида ўзбошимчаликнинг сабаби нимада? Боланинг руҳан жароҳатланиши, ўзбошимчаликнинг асосий сабабларидан биридир, ота-онанинг ҳатти-ҳаракати, оила аъзоларининг ўзини тутиши, муомаласи ва маҳалла аҳли, атрофдаги одамларнинг руҳияти ҳам таъсир қилади. Доимий уруш – жанжал бўлган оилаларда болаларнинг уйни ташлаб кетиши кўп учрайди. Ота-онанинг ўринсиз ҳаракатлари, бўлар-бўлмасга силталайвериши, болага ижтимоий тарбия бермаслиги туфайли ҳам бу ҳол келиб чиқиши мумкин. оиланинг кризисга учраши, ота-оналарнинг катта-катта муаммолари юзасидан бола ёнида суҳбатлашиши ёки жанжаллашиши ҳам унинг руҳиятига таъсир қилмай қолмайди. Бир сўз билан айтганда, оилавий муҳитнинг носоғломлиги боланинг аҳлоқий кризисга дучорлигига сабабдир.
Боланинг руҳий кризиси бошқа боланинг психикасига ҳам таъсир қилиши мумкин. У ўзининг онгидаги, тарбиясидаги салбий жиҳатлар билан соғлом тафаккурли болага салбий таъсир ўтказа олади. Бола учун, биринчи навбатда руҳан соғлом муҳит керак. Боланинг руҳияти қанчалик соғлом бўлса, унинг ҳатти-ҳаракати ҳам шунга мувофиқдир. Шундай экан, болага яхши тарбия бериш учун унинг ёнида ички кечинмаларингизни билдирмай, доимий тушкун кайфиятингизни кўрсатмай, бақир-чақир, уруш-жанжал кўтаришдан йироқроқ бўлинг. Оиладаги ярим соатлик жанжал боланинг онгига кунлаб таъсир қилиши мумкин. Оқибатда эса, унинг ўқишида ҳам маълум бир муаммолар келиб чиқади. У ўқишга қизиқмай қўяди, кайфияти ёмонлигидан ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолади.Боланинг мактабдаги ўқишига оилавий муҳит кучли таъсир қилади. Оила аъзоларининг меҳр-муҳаббати ва бир-бирига садоқати болага маънавий озуқа ва руҳий рағбатлантириш ҳисобланади, унинг ривожланиб бораётган онгига ва ёш организмига кучли таъсир этади.
Ўсмирнинг ота-она сўзларига қулоқ солмай қўйишига эса кўпинча ота-онасининг унга ишонч билдирмаслиги, ўзининг ожиз жиҳатларини фарзандига билдириб қўйиши ҳам кучли таъсир қилади. Болалар ҳеч қачон она қорнидан ёмон бўлиб туғилмайди. Кўча болалари кучли руҳий қийноқ сабабли криминал гуруҳларга аралашиб, турли иллатларга ружу қўяди. Баъзан ота-оналар ва яқин кишиларнинг бир оғиз қўпол гапи ёки ҳаракати уларнинг руҳиятида катта ўзгариш ясайди. Бу ҳол айниқса ўсмирлик чоғида кўп учрайди. Дунё бўйлаб ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ва руҳий асаб касалликларига учраб қолиши жуда кўп кузатилмоқда. Бунга сабаб унинг қалби озор топганлигидир. Ҳаётдаги кўраётган қийинчиликларини ичига ютавериб, сиқилавериб, ўсмирлар руҳий касалликларга чалинишмоқда. Бугунги кунда бу касаллик билан оғриган болалар кўпчиликни ташкил қилмоқда.
Ўсмирлик даврида организмда катта ўзгаришлар рўй бергани боис боланинг руҳияти ҳам ўзгариб туради. Уларнинг кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Шунинг учун ота-онадан бу даврда болага чиройли муомала қилиш ва сўзларни билиб, онгли равишда ишлатиш талаб этилади.
Азиз ота-сингиллар, фарзанд тарбияси борасида ўз фикрларингизни ўртоқлашишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга мунтазир.