3:03

Шифобахш балчиқ

MP3

Narrator 1: Ассалому алайкум. Халқ табобатида балчиқ билан даволаш муолажаси қадимдан қўллаб келинган, бироқ бу ҳақида унчалик боҳабар эмасдик. Бугунги кунда табиий даво воситаларининг ҳарактерига кўра балнеологик, балчиқ билан даволайдиган ва иқлимий курортлар мавжуд. Кўпгина курортларда бир неча хил даво омиллари бор. Бундан ташқари балчиқларнинг ҳам турлари бор. Масалан, пелоидлар – булар танани секин иситади ва турли фойдали биологик фаол моддаларга, тирик микроорганизмларга бой. Торф балчиқлари – ферментлар фаоллигини оширади, тикланиш жараёнини тезлаштиради, шамоллашга қарши самарали таъсир кўрсатади. Сапропел балчиқ – иссиқлик ҳусусиятига эга ва органик моддалар, турли витамин, фермент, гормонларга бой. Сульфидли балчиқлар – темир сульфидлари ва турли тузлар билан тўйинган балчиқ турига киради.

Narrator 2: Юқоридаги балчиқларга нисбатан иссиқлик хусусияти пастроқ, аммо темир сульфид ва сувда эрувчан тузлар миқдори кўп. Микробларга қарши курашиш ҳусусияти юқори. Балчиқ нималарга даво бўлади? Уни қандай ишлатиш мумкин? Балчиқ билан даволаш инсон танасидаги модда алмашинувини яхшилайди, шамоллаш марказлари сўрилиб кетишига ёрдам беради. Тўқималар орқали фойдали моддаларнинг сингишини таъминлаб, чандиқларни юмшатади, синган суяклар битишига ижобий таъсир кўрсатади. Балчиқ бўғинлардаги оғриқларни ҳам даволайди, ошқозон ости безлари фаолиятини яхшилайди. Даволовчи балчиқ микробларга қарши самарали восита ҳисобланади. Тери ёки шиллиқ пардага қўйилганда, унинг юқори қаватидаги бактерияларни йўқотади. Дарвоқе, балчиқ таркибида антибиотиклар ҳам мавжуд. Қолаверса балчиқ: таянч-ҳаракат аппаратининг сурункали касалликларига ҳам жуда фойдали.

Narrator 1: Фақат бу эмас, балчиқ умуртқа поғонаси, қўл оёқлардаги жароҳатлар асоратлари, периферик ва марказий асаб тизими хасталиклари, аёллар ва эркаклар жинсий касалликлари, ошқозон-ичак тизими хасталиклари, куйиш ҳолатларида, тери касалликлари, сурункали бронхит, пневмонияни даволашда ҳам қўлланилади.

Даволаш муолажалари сифатида балчиқли ванналар ишлатилади. Балчиқ тери ва аъзоларнинг маълум қисмига суртилади. Гинекологик касалликларни даволаш учун балчиқ қорин ва тосга суртилади. Тўғри ичакдаги сурункали шамоллаш касалликларида, эркаклар жинсий хасталикларида ҳам ишлатилади. Шифо масканларида балчиқ ва электр токи билан даволаш услуби ҳам бор. Бундай турдаги муолажада электр токи ёрдамида балчиқ таркибидаги фаол кимёвий фойдали моддалар танага сингади.

Narrator 2: Балчиқ қанчалик фойдали бўлмасин, баъзи ҳолатларда уни қўллаш мумкин эмас. Масалан, ўткир ва сурункали яллиғланиш касалликлари зўрайганда, хатарли ва безарар ўсмаларда, тухумдонлар тизимидаги бузилишларда, сил касаллигида, баъзи юрак-қон томир касалликларида, қон ва қон ҳайдаш аъзолари касалликларида, қон кетишида, буйрак касалликларида, юқумли хасталиклар, жумладан таносил касалликларида, ҳомиладорликда ва ўта озғинликда балчиқли муолажаларни қўллаш мумкин эмас. Инсон ўзида қандай касалликлар борлигини ҳисобга олгани ҳолда, жуда эътибор ва эҳтиётлик билан балчиқли муолажа олиш ёки олмасликка қарор қилиши керак. Яхшиси, бу ҳақида шифокори билан маслаҳатлашиши, шифокор маслаҳат берса, албатта балчиқли муолажа олиши мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top