2:58

Техника ёрдамчими ёки…

MP3

Narrator 1: Ассалому алайкум. Бугунги замонимизни техникасиз тасаввур қилиш қийин. Техника тараққиёти ҳаётимизга илдамлик билан сингиб бормоқда. У инсон меҳнатини осонлаштиришга хизмат қилишини вақтимизни тежашини биламиз, лекин… Бу фақат яхшиликка хизмат қилармикан? Балки техника тараққиёти инсонни дангаса қилиб қўяётгандир? Келинг унинг фойдалари ва зарарлари ҳақида бугунги суҳбатимизда яхшироқ билиб оламиз. Техника ускуналари бугунги кунда турмуш тарзимизнинг асосий ҳамроҳига айланган. Шундай ёрдамчи маиший техника ускуналарисиз ҳаётимизни тасаввур қилиб бўладими? Албатта йўқ. Бироқ ялқовлик, иродасизлик, қатъиятсизлик каби иллатлар туфайли, инсон кўп мажбуриятини техникага юклайди.

Narrator 2: Кирни қўлда ювиб тугатиш, овқатни ўчоқда пишириб олиш мумкин. Лекин музлаткичда сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг бузилиши соғлиқ учун зарарли, боз устига ноқулайлик туғдиради ҳам. Микротўлқинли ўчоқлар, ошхона комбайни, электр гўштқиймалагич, чангютгич… бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бу нарсалар ҳаётимизнинг асоси бўлмаса-да, ҳар бир уй бекаси учун ёрдамчи бўлган фойдали техник ускуналар қаторига қўшиш мумкин. Албатта уй бекаларига, бекларга фойдали бўлган техник ускуналар жуда ҳам кўп. Улар чиндан ҳам ҳаётимизни, ишимизни енгиллаштиришга ёрдам беради. Бироқ техникага ҳаддан зиёд боғланиб қолиш инсонларнинг кам ҳаракатли ҳаёт тарзига тушиб қолишига сабаб бўлади. Техникага ҳаддан зиёд боғланиб қолган кишилар кам ҳаракат қилиб, ўзларига бир қатор касалликларни орттириб олмоқдалар.

Narrator 1: Булар ичига вазн ортишидан тортиб жиддий қон-томир касалликларигача бўлганлар ҳам киради. Техника кам ҳаракат қилишимизга сабаб бўлар экан, деб ундан бутунлай воз кечиб ҳам бўлмайди. Масалан, эрталаб ишга шошаётиб, мўлжалланган манзилга етиб келиш учун машина ёки оддийгина метродан фойдаланамиз. Унинг тўғри ишлашини ҳам компьютер техникаси бошқариб туради ва бу билан инсоннинг яшаш тарзида қулайликлар яратади. Буларнинг барчаси, бизнинг вақтида ишга улгуришимиз, бир кун ичида кўплаб ишларга улгуришимиз, ҳаётимизни ва кунимизни самарали ўтишига ёрдам беради. Буни ҳеч ҳам рад этолмаймиз. Аммо бир нарса тиббиёт вакилларини ҳавотирга солмоқда. Технологиядан доимиз тарзда фойдаланиб, меъёрни суиистеъмол қилиш инсон организмига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Масалан, компьютерлар кўриш қобилияти ва асаб тизимига зарар етказиши исботланган.

Narrator 2: Шу билан бирга тиббиётда замонавий ускуналарнинг қўлланилиши ҳам кўплаб касалликлар ташхисини аниқлаш ва даволашда қўл келаётир. Техниканинг бу йўналишида илдамлашуви ҳозирги пайтда қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишда ёрдам бермоқда. Хуллас, техниканинг фойдаси-ю, зарари ҳақида яна кўп давом эттириш мумкин. Биз замона билан ҳамқадам равишда кетаётган техника тараққиёти натижаларидан буткул воз кеча олмаймиз. Буни ҳатто истамаслигимиз ҳам ҳаётимизда яққол кўриниб турибди. Шунга қарамай, унга буткул боғланиб қолиб жисмоний меҳнатдан узоқлашиш салбий оқибатларга олиб келишини ҳам унутмаслигимиз керак. Хулоса шуки, техникадан оқилона ва меъёрда фойдаланиб, жисмоний меҳнат қилиб туриш керак. Бу бизнинг ҳам самарали ҳам соғлом ҳаёт кечиришимизга ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top