Ассалому алайкум. Бизнинг ҳаётимизга катта таъсир ўтказиши мумкин бўлган икки киши бу ота-оналаримиздир. Шунинг учун бизни энг кўп хурсанд қиладиган ҳам энг кўп ҳафа қиладиган ҳам ота-оналаримиз бўлади. Баъзан ота-оналарининг ҳатосини кўриб, катта бўлсам, отамдай ёки онамдай иш тутмайман, дейдиган фарзандлар учраб туради. Аслида Худо Одам Ато билан Момо Ҳавони яратганида ер юзидаги болалар учун энг мукаммал ота-онани яратишни режа қилганди. Бироқ уларнинг гуноҳидан кейин бунинг имкони қолмади. Шу туфайли ер юзида мукаммал ота-она йўқ.
Гарчи ота-оналаримиз мукаммал бўлмаса-да Худо улар орқали бизга ҳаётдан дарс олишни ўргатади. Оналаримиз муҳаббатни қабул қилишни ўргатиш учун яратилган.
Оталаримиз эса етуклик сари қандай ўсишни, етукликда ҳаёт кечиришни ўргатиш учун яратилган.
Оталаримиз бизларга исм қўйиш ва бизларни чақириш учун яратилган. Ота-оналаримизнинг ҳар бири ҳаётимиз давомида Худо сифатларининг баъзи қирраларини ўргатади. Биз Худо суратида яратилганимизни жуда яхши биламиз. Худода аёллик сифатлари ҳам эркаклик сифатлари ҳам бор. У ўзининг ғамхўр ва озиқлантириш сифатини тушунишимиз учун Ўзига нисбатан «Эл Шаддай» деган исмни ишлатади. Яҳудий олимлар бу сўзни «кўп кўкракли ёки буюк кўкракли» деб таржима қилишган. Бу сўзни сўзма-сўз тушуниш ва тасаввур қилиш кулгули. Аммо Эл Шаддай исми Худонинг фарзандларига керакли бўлган ҳамма нарсани бера олиш сифатини кўрсатади.
Оналаримиз орқали Худо бизга қабул қилишни ўргатади. Оналаримиз ҳаётимизнинг-озиқлантириш ва меҳрибонлик манбаи. Забур 21:10-11 оятлар шундай дейди:
«Сенсан-ку мени онам қорнидан ёруғ юзага чиқарган, волидам кўкрагида тинч ётқизгансан мени. Мавлудимданоқ Сенга назр қилинганман, онам қорнида чиққанимдан буён Сен менинг Тангримсан.» Худо донолик билан ҳаётимизнинг дастлабки тўққиз ойини онамизнинг иссиқ ва қулай қорнида ўтказишни режалаштирган. Биз тўққиз ой мобайнида онамизнинг танасидан ҳаёт ва иссиқлик олиб хавфсиз ўсамиз. Туғилганимиздан кейин эса, онамизнинг кўкракларидан озиқланамиз. Чақалоқ бўлиб онамизнинг танасини ҳис қиламиз, унинг аллалашини, қўлларида кўтариб, бағрига босиб, секингина тебратишини ҳис қиламиз. Унинг меҳр тўла боқиши бизга ҳотиржамлик, муҳаббат бағишлайди. Ўзимизни бехатар ҳис қиламиз. Агар биз онамизга ишонишни ва она меҳрини олишни ўрганмасак унда бунинг мутлақо аксини қўрқув, айниқса рад этилиш қўрқувини ўрганамиз.
Юнон тилида «севги» сўзининг тўрт хил тури бор. Айнан она муҳаббатига нисбатан «сторж» сўзи кучли табиий меҳрни ифодалайди. Бу Юнон тилидаги «лайлак» деган сўздан келиб чиққан. Қадимги юнонлар лайлакларнинг бир-бирига бўлган сокин ва мулойим муҳаббатини кузатишган. Лайлаклар оила қургач охиригача бир-бирига садоқатли бўладилар. Онанинг муҳаббати уч хил усулда кўринади: меҳр билан қучоқлаш, меҳр билан боқиш, меҳр билан сўзлаш. Бу уч хил усул билан оналар фарзандларига ўз меҳрларини тўлиқ кўрсата оладилар. Фарзандингизга кўпроқ нима берасиз, муҳаббатингизними ёки ғазабингизними? Бу ўйлаб кўришга арзийдиган мавзу. Фарзандингиз сиздан меҳр кўрса, сизга ишонишни, муҳаббат қабул қилишни ва беришни ўрганади. Акси бўлишидан Худонинг ўзи асрасин!