Narrator 1: «Муқаддаслик Худонинг энг асосий атрибутидир. Бу унинг бошқа мукаммал ҳислатлари бўлган, улуғворлик, қудрат ва иноят билан жуда чиройли тарзда уйғунлашади» Самуэл Фолоус.
Ассалому алайкум. Бугун муқаддаслик мевасининг ширин таъми ҳақида суҳбатлашишдан олдин, муқаддаслик деган сўзнинг асл маъносини кўриб чиқсак. Муқаддас Каломда ёзилган муқаддаслик сўзи, қадимги ибрий тилидан олинган бўлиб, «ёрқин бўлиш, тоза, янги ва соф» деган маъноларни билдиради. Муқаддаслик гуноҳдан четлашишни келтириб чиқаради. Бироқ гуноҳдан четлашишнинг ўзи муқаддас бўлиш учун етарли эмас. Муқаддаслик фақатгина гуноҳдан четлашиш эмас, Худонинг ҳаётимиздаги мавжудлиги, ҳузури билангина тўлиқ бўлади.
Narrator 2: Сиз нопок бўлган нарсаларга қўл теккизмаслигингиз, тоимо жисмонан покиза бўлиб юришингиз, иложи борича гуноҳдан қочишга ҳаракат қилишингиз мумкин, аммо ҳаётингизда Худонинг аралашуви бўлмаса, яъни Худованднинг ҳузури бўлмаса, бу муқаддаслик ҳисобланмайди. Ҳар сафар муқаддаслик ҳақида ўйлар экансиз, дарҳол Исо Масиҳни кўз олдингизга келтиринг. У дунё бўйича яшаб ўтган инсонлар орасида энг биринчи ва энг охирги муқаддаси ва поки эди. Бироқ у турли хил диний удумлардан ҳоли ҳаёт кечирди. Агар эътибор бериб қарасангиз, ҳаётимизни турли хил диний удумлар қуршаб олган. Удумлар инсонларга эмас, инсонлар удумларга хизмат қилиб қолган. Муқаддас Каломда ўқиган бўлсангиз, Исо Масиҳ давридаги фарзийлар ва уламолар пок бўлиш учун турли удумларни бажариш кераклигини уқтириб, ўзлари ҳам шундай ҳаёт тарзини кечиришган.
Narrator 1: Уларни ҳукм қилишдан олдин, уларнинг аслида кимлигини билиб олсак. Фарзийлар жамоаси қадимги Макабийнлардан келиб чиққан. Қадимда Мусо қонунига қаттиқ амал қиладиган руҳонийлар бўлган. Улар Макабийнлар эдилар. Макабийнлар атрофдаги маъжусий халқларнинг удумлари кириб келишига қарши қаттиқ кураш олиб борганлар. Исо Масиҳ давридаги Фарзийлар ҳам ўша Макабийнларнинг авлодларидир. Фарзий деган сўз «ажратилган» деган маънони беради. Улар ўз қонунларини бошқа ташқи халқларнинг таъсиридан қаттиқ ҳимоя қилганлар. Улар Мусо қонунларини ҳимоя қиладиган бошқалардан фарқ қиладиган кишилар бўлишган. Бироқ уларнинг ташқи таъсирларга, янги таълимотга, Худонинг Исо Масиҳ қиёфасидаги иноятига ҳам қаршилик қилгани, уларни Худо нажотидан маҳрум қилиб қўйди.
Narrator 2: Улар ўз эътиқодларидан собит қолиб, Муқаддас Руҳни рад этишди. Уларни ҳукм қилишдан олдин, ўзимизга бир қарайлик. Бошқаларнинг муҳтожлигига қанчалик эътиборлимиз? Қанчалик даражада ҳамдард ва меҳрибонмиз? Исо Масиҳнинг сўзларини эсланг: «Агар солиҳлигингиз фарзийлару, уламолар солиҳлигидан устун келмаса, осмон шоҳлигига киролмайсизлар» (Мат 5:20). Масиҳ «Ҳар бир дарахт ўзининг мевасидан билинади», — деганида ботаника ҳақида гапирмаётган эди. Муқаддас Руҳга эга бўлган ҳаёт, ўзининг меваларини тез орада кўрсатади. Муқаддас Руҳнинг мевалари эса: «муҳаббат, севинч, ҳотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибодир». Шунинг учун муқаддас руҳга тўлган ҳаёт ўзининг меваларини кўрсатади. Мана шу меваларга эга бўлган инсон ҳотиржам, шодликка тўла ҳаёт кечиради.