MP3

Ассалому алайкум. Қадрли опа-сингиллар. Бугун мен айтмоқчи бўлган воқеа кўпчилигимизнинг ҳаётимизда бўлиб ўтганини шубҳам йўқ. Чунки болаларнинг ҳаммаси деярли бир хил бўлади.

Болалигимда жуда кўп савол берадиган, ҳамма нарсага қизиқадиган ва саволларимга жавоб топмагунча қўймайдиган қайсар қизча бўлганман. Яхши эслайман, дадам саволларимга эринмай жавоб берар, баъзан жавоб тополмаса, тахминан бўлса ҳам жавоб беришга ҳаракат қилар, менинг дунёни билишга бўлган интилишимни қадрларди. Ҳар сафар бирор иш қилишни буюрганида «Нега» деган саволимга, эринмай мен тушунадиган тарзда жавоб берарди.

Аммо онам менга уни ёки буни қилишни буюрар экан, нега шу ишни қилишим кераклигини тушунтирмасди. Ҳар сафар «Нега шундай қилишим керак?» — деб сўраганимда «Чунки мен шуни хоҳлайман!» — деб қисқагина жавоб берарди. Бу жавобдан кейин истасам ҳам истамасам ҳам шу ишни қилишга мажбур бўлардим. Энг қизиғи, онамнинг шу жавобини жуда ёмон кўрардим. Қачондир ўзим фарзандли бўлсам, фарзандларимга нега шундай қилишлари кераклигини тушунтираман, деб ўз-ўзимга сўз бердим. Улғайиб ўзим ҳам оилали бўлдим. Дунёнинг ишларини қаранг-ки, ўзимдан ҳам кўп савол берадиган, ҳамма нарсанинг сабабини билишга қизиқадиган ўғилчали бўлдим. Ҳар сафар бирор нарса қилишни буюрар эканман «Нега», — деб савол бераверарди. Бир куни тушунтиришнинг иложи бўлмай қолди. Шунда ўзим билмаган ҳолда «Чунки мен шуни хоҳлайман» — деб юбордим. Ўғлим эса, индамай «Хўп» — деди-да, айтган ишимни бажариш учун кетди. Биласизми, ўша дамда онамдан жуда миннатдор бўлдим.

Худо биз билан ҳам худди шундай йўл тутади. Баъзан Худо бизга нега шундай деяётганини тушунтиради, баъзан эса биздан шунчаки «Худо шундай деётгани» учун бажаришимизни истайди. Ҳар доим ҳам Худо нега у ёки бу ишни қилишимизнинг сабабини тушунтирмайди. Кўп ҳолларда Худо шуни истаётгани учун қилишимиз керак бўлади. Баъзан ҳаётимизда бўлаётган ишларни Худодан ҳам яхши биладигандай ҳис қиламиз. Ўша пайтларда ўз ақлимизга кўра иш тутмоқчи бўламиз, бироқ Худо биздан бутунлай бошқа нарсани, ақлсизликдай туюлган нарсани қилишимизни буюради. Шундай пайтда: «Худойим ҳозирги ҳолатимда мана шундай иш тутишим ўринли бўлади, деб ўйлайман. Чунки бунга сабабларим кўп. Аммо сен шуни истаётган экансан, Сен истаганингдай қиламан», — деб бўйсунишингиз Худони нақадар хурсанд қилишини тасаввур ҳам қилолмайсиз.

Шундай ҳолатда Худога итоат қилишимизни У жуда қадрлайди. Нима деб ўйлашингиздан қатъий назар Худо истагани бўйича иш тутишга қарор қилган бўлсангиз, шу ишни бошлашдан олдин Худодан Унинг иродасини бажариш учун сизга донолик, сабр-тоқат, етарлича итоаткорлик беришини сўраб ибодат қилинг. Худо истаган ишни тугатишингизга қанча вақт кетса ҳам У истаганидай бажаринг. Ҳар сафар, Худо сизга ўзингиз истаган ишни эмас, бошқа бир ишни қилишни айтганида, ўзингиздаги қайсарликни енгиб, У истагандай қилишга ҳаракат қилиб кўринг. Бунинг мукофотини ҳозирги ҳаётингизда олмасангиз ҳам, Осмон Шоҳлигида Худо учун қилган ҳар бир ишингизнинг мукофотини оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top