3:23

Тўзғиган

MP3

«Танимдаги руҳим жуда тушкун, сийнамдаги қалбим аламзада» (Забур 142:4).

Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Тасаввур қилинг ишдан келдингиз, уйингиз йиғиштирилмаган, болаларнинг кийимлари, ўйинчоқлари ҳар жойда сочилиб ётибди. Ишдан ҳориб келган аёлга бу нарсалар ёқармиди? Ҳаммамиз ҳам сочилиб ётиш нималигини яхши биламиз. Баъзан иш столимизда китоб ва журналлар сочилиб ётади. Баъзан куз шамоли дарахтдан тўкилган баргларни ҳар томонга тўзғитади. Ҳаёлларимиз-чи? Ҳаёлларимиз ҳам баъзан эплаб бўлмас тарзда тўзғиб кетади. Тўзғиган ҳаёллар билан ишимизни охирига еткиза олмаймиз. Аёл киши бўлганимиз учун ҳаёлларимиз ва кайфиятимиз осонгина тўзғиб кетади. Уларни бир ипга тизиб чиқолмай қоламиз. Улар бизни ўз измига солиб, кунимизни ҳам ағдар-тўнтар қилиб юборади. Ҳазрати Довуд бу ҳақида шундай дейди: «Мажолим қолмади, ғоят эзилдим. Юрагим аламидан додлаб юраман» (Заб 37:9). «Бағримда юрагим ўйнаяпти, устимга ўлим даҳшатлари тушди.» Фақат биз эмас ҳазрати Довуд ҳам мана шундай ҳолатга тушган. Агар Худонинг ёрдами бўлмаса, аҳволимиз қандай бўлар эди? «Баданим, юрагим ҳолдан кетмоқда, илло Худо абадий дилим суянчиғидир. Эзгулик қисматим Унинг Ўзидир.» (Заб 72:26). Ҳаёлларимиз тўзғиб, кайфиятларимиз ўзгариб турганида ўзимизни жуда тушкун ва эзилган аҳволда ҳис қиламиз. Миямизда турли хил ҳаёллар, муаммолар ғужғон ўйнаганида қандай ҳаракат қилишни билмай қоламиз. Нимани ўйлашни, қандай иш тутишни ҳам билмай қоламиз. Тўзғиган ҳаёллар билан бир ишни охирига етказа олмаймиз. Бирор ишни озгина бошлаб қўйиб, кейин бошқасини бошлаймиз, охирида қарабсизки, ҳеч бир иш охирига етмаган бўлади. Бундай ҳолатда яшаш бизни нотўғри йўлга бошлайди. Бу фақат фикрларимизга эмас, кайфиятимизга ҳам таъсир қилади. Тезда асабийлашамиз ва аччиқланамиз. Ҳаёлларни тартибга келтиришни иложи борми? Ҳазрати Довуд бундай ҳолатда қаерга қарашни яхши билган кўринади. Келинг Забур китоби 101 боб 2 оятни ўқиб кўрайлик: «Эй Худованд, ибодатимни эшитгин. Фарёдим Сенга етиб борсин!» Бундай пайтда энг тўғри йўл – Худога илтижо қилиб Ундан ёрдам сўраш. Аҳволингиз қандай бўлса, ўша ҳолатда, ҳеч нарсани тузатмай, ҳеч нарсани яширмай ибодат қилиш энг тўғри йўл. Бундай ҳолатга тушган фақат биз эмас. Пайғамбарлар-у, шоҳлар ҳам мана шундай ҳолатга тушганлар. Шоҳ Довуд Худога шундай илтижо қилган эди: «Эй Худо, дод-фарёдимни эшитгин, тоат-ибодатимга қулоқ солгин! Менинг дилим қон бўлди-ку, ернинг олис бурчидан Сени чақираман. Ўзимдан баланд қояга мени олиб чиққин.» (Заб 60:2-3) Бундай пайтда ибодат қилиб, Худодан ёрдам ва йўл-йўриқ сўраш энг яхши иш ҳисобланади. Фақат Худонинг ёрдами билангина фикрларимизни тартибга келтира оламиз ҳамда юрагимиз ҳам бутун бўлади.

Тўзғиган ҳаёллар билан яшамаслик учун қалбимиз Худога қаратилган бўлиши ва аниқ мақсад бўйича яшашимиз керак. Дилимиз, руҳий кўзларимизнинг Худо томонга бурилган бўлиши тартибли ва бахтли ҳаётимизнинг гарови ҳисобланади.

Агар сизнинг ҳам ҳаёлларингиз тўзғиган бўлса, тезда Худога мурожаат қилинг, чунки бундай ҳолатда кўп ишларга улгуролмай қоласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top