Narrator 1 «Мен ҳам сени маҳкум қилмайман, — деди Исо» (Юҳ. 8:11).
Ассалому алайкум. Калом бизга гуноҳ қилмаган ҳеч бир киши йўқ, — деб айтади. Чиндан ҳам бу дунёда гуноҳсиз киши йўқ. Шунга қарамай, кўпчилигимиз ўзимизни гуноҳсиз, деб биламиз. Бунга сабаблар кўп. Гарчи Худованд учун гуноҳнинг катта-кичиги бўлмаса ҳам, инсоният гуноҳни катта ва кичик турларга ажратади. Унинг назарида баъзи гуноҳларни кечириб бўлмайди. Бундай даҳшатли гуноҳларни қилганлар, чин маънода гуноҳкор, деб ҳисобланади ва ҳамманинг нафратига сабаб бўлади. Исо Масиҳ даврида ҳам кишилар гуноҳларни шундай турларга ажратганлар. Ўғрилик қилганлар, гуноҳ қилганлар ва қотиллик қилганлар қаттиқ жазоланган. Кунлардан бир кун, Исо Масиҳнинг олдига ғазаб билан йўл-йўлакай алланимани муҳокама қилиб келаётган оломон яқинлашди. Келинг, аслида воқеа қандай бўлганини Муқаддас Каломдан ўқиб биламиз.
Narrator 2 «Исо Зайтун тоғи томон кетди. Эрталаб яна маъбадга қайтиб келди. Бутун халқ Унинг олдига келар, У эса одамларга таълим бериб ўтирар эди. Шу орада уламолар билан фарзийлар бир аёлни Исонинг олдига келтиришди, уни зино қилаётганда ушлаб олишган эди. – Устоз! – дейишди аёлни ўртага қўйиб. – Бу аёл зино қилаётганида ушланди. Мусо пайғамбар Қонунимизда бундайларни тошбўрон қилишни буюрганлар. Сен нима дейсан? Бу сўроқ билан Исони тузоққа илинтириб айбламоқчи эдилар. Исо эса уларга эътибор бермай, энгашиб бармоғи билан ерга ёзар эди.» Қизиқ ўша пайтда, Раббимиз Исо Масиҳ ерга бармоғи билан ниманинг суратини чизган экан? Ëки бўлмаса нимани ёзаётган бўлиши мумкин?! У фарзийларнинг нима сабабдан келганини, ниятларини яхши биларди.
Narrator 1 Шунинг учун ҳам уларга бир зум ҳеч нарса деб жавоб бермади. «Улар бу ҳақида сўрайвергач, Исо тик турди-да: — Сизнинг ичингизда ким бегуноҳ бўлса, ўша биринчи бўлиб аёлга тош отсин, — деди. Сўнг яна энгашиб ерга ёзаверди.» Гуноҳкор аёлни етаклаб Исонинг ҳукм қилиши учун олиб келган, ўзини гуноҳсиз ва солиҳ деб биладиган фарзийлар бу жавобдан нима қилишларини билмай қолишди. Фарзийлар ва уламолар Худонинг қонунини оддий одамлардан кўра кўпроқ билишарди. Бу қонунлар уларга ёд бўлиб кетгани учун ҳам, қачон қайси пайтда бу қонунни бузганларини яхши билишарди. Бу жавобдан сўнг улар виждонан фош бўлиб қолишди. Фарзийлар билан бирга келган ва Исони тинглаб турган бошқа кишилар ҳам бу аёлни ҳукм қила олишмади. Ҳеч ким ўзини мутлақо гуноҳсиз, деб билмасди.
Narrator 2 Калом шундай дейди: «Чоллардан бошлаб, кексаю ёш ҳаммаси бирин-кетин кета бошлашди. Охирида ёлғиз Исо билан ўртада турган аёл қолди. Исо ўрнидан турди-да, аёлдан бошқани кўрмай: — Эй аёл! – деди, — сени айбловчилар қани? Ҳеч ким сени маҳкум қилмадими? – Ҳеч ким ҳазрат! – деб жавоб берди аёл. – Мен ҳам сени маҳкум қилмайман, — деди Исо. – Бор, бундан кейин бошқа гуноҳ қилма.» (Юҳ 8:1-11). Исо Масиҳ аёлни кечирди. Унга янгитдан гуноҳсиз ҳаёт кечириш имконини берди. Унинг шу пайтгача қилиб келган гуноҳини кечирди. У дунёни маҳкум қилиш учун эмас, дунёнинг гуноҳини ўзига олиш учун келганди. Аёл буни билмаса-да, Исонинг келиши керак бўлган Масиҳ эканлигига ишонч ҳосил қилиб кетгани аниқ. Бундай ҳолатда кечирилган инсон, бошқа гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилади.