MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бошлиқлар бизни бошқарадиган кишилар бўлишларидан ташқари, бизни ҳимоя қиладиган кишилар ҳамдир. Кўпчилик ўз бошлиғи ҳақида яхши фикрда бўлмайди. Мансабга минган кишилар одамгарчилигини унутиб қўйиб, ҳаддан ташқари ҳаволаниб кетадилар, деган фикр қисман тўғри. Бироқ ҳамма бошлиқларни худди шундайлар қаторига қўшиш адолатдан бўлмайди. Худованд кимнидир бизнинг устимизга бошлиқ қилиб қўйган экан, демак бунда бир донолик бор. Худованд шу одам орқали бизнинг ҳаётимизда нимадир қилмоқчи. Исо Масиҳ даврида Никодим исмли киши фарзийлар мазҳабидан ва диний устозлардан бири эди. У жуда обрўли ва юқори мартабали шахс бўлгани учун ҳам, кундузи эмас, кечаси ҳеч кимга билдирмай Исонинг олдига келган.

Narrator 2 Ундан ташқари Римлик юзбоши ҳам Исо Масиҳга эътиқод қилган. Бу эътиқод Исо Масиҳни ҳайрон қолдирган эди. Ëки бўлмаса Исо Масиҳнинг жасадини олиб кўмишга рухсат олган Ариматеялик Юсуф исмли кишини олайлик. У Олий Кенгашнинг таниқли аъзоси бўлиши билан бирга Исо Масиҳнинг шогирди ҳам эди. У Исо Масиҳга чин дилдан ишонишини ҳеч кимга ошкор қилмаган эди. Бундайлар Исо Масиҳ даврида бўлганидай, бизнинг давримизда ҳам бўлиши мумкин. Худованд бошлиқларимиз юрагида ишлашга қодир.

Исо Масиҳ осмонга кўтарилгандан кейин, шогирдлар астойдил, қайноқ юрак билан хизматларини давом эттиришди. Ҳаворийларнинг бу иши Олий Кенгаш аъзоларини саросимага солиб қўйди.

Narrator 1 Шунинг учун ҳаворийларни ушлаб олиб, ҳукм қилишмоқчи бўлишди. Ҳаворийларнинг сўзлари Кенгаш аъзоларининг ғазабини келтирарди. Бироқ фарзийлар мазҳабидаги бир Таврот тафсирчиси, бутун халқнинг ҳурматини қозонган Гамалиэл исмли бир киши Кенгашда ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига чиқазиб туришни буюрди. Сўнг Кенгаш аъзоларига шундай деди: «Эй Исроил эрлари, бу одамлардан эҳтиёт бўлинглар! Сизлар нима қилмоқчисизлар? Мана, бундан олдин ўзини буюк кишидай кўрсатган Февда пайдо бўлди-ку, унга эса қарийб тўрт юз киши қўшилди. У ўлдирилди, унга қўшилганларнинг ҳаммаси эса тарқаб, йўқолиб кетишди. Ундан кейин, аҳолини рўйҳатга олиш ўтказилган вақтда жалилалик Яҳуда пайдо бўлиб, анча халқни орқасидан эргаштириб борди.

Narrator 2 Лекин у ҳам ҳалок бўлди ва унга эргашганларнинг барчаси тарқаб кетишди. Энди сизлар бу одамлардан қўл тортинглар, дейман, уларни қўйиб юборинглар! Чунки агар бу қилинган ташаббус, бу ҳаракат инсон иши бўлса, вайрон бўлади. Лекин агар Худодан бўлса, сизлар уни бузолмайсизлар. Яна сиз ҳам Худога қарши уруш қилганлардан бўлиб қолманглар!» Гамалиэл ўша пайтда Исо Масиҳни қанчалик яхши таниганини билмаймиз. Буни унинг сўзларидан таҳмин қилишимиз мумкин. У ҳам Исога яширинча қалбида ишониб юрганлардан бири бўлган бўлиши, ёки бўлмаса, ўша пайтда Худонинг бошқаруви билан тўғри доно маслаҳат берган бўлиши мумкин. Гамалиэл ҳақида Каломда кўп ёзилмаган. Нима бўлганда ҳам, Худованд Исо Масиҳга қарши бўлганларнинг юракларида ҳам ишлаши мумкинлигини, Гамалиэл мисолида кўришимиз мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top