3:16

Солиҳликка ташналик

MP3

«Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, Чунки улар тўқ бўлур» (Мат 5:6).

Ассалому алайкум. Худо биздан нима истайди? Агар бу ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрсак, нега Худо бизни ўзи истаган томонга ва ишга бошлаётганини яхши тушуниб оламиз. Одам Ато билан Момо Ҳавонинг гуноҳидан кейин биз Худодан завқланиш ўрнига турли хил гуноҳлар билан юрагимиздаги бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Аммо Яратувчимиз Худо бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади. Юрагимиздаги бўшлиқни фақат У тўлдира олади. Бироқ биз унга эътибор қилмай, ўзимиз истаган ишларни қилишга интиламиз, ўша нарсалар билан роҳат топадигандай, қаноатланадигандай ҳис қиламиз. Бу Худди болакайнинг лойда ўйнашни исташига ўхшайди. Онаси ҳар қанча унинг лойлигини, усти-бошини кир қилишини, кейин хунук кўринишини айтса-да, болакай ўзининг билганидан қолмайди. Ўша лойга бориб ўйнайман, деб инжиқлик қилиб туриб олади. Онаси уни энг яхши ўйинчоқлар дўконига олиб бораётганини билмайди. Биз ҳам мана шу болакайга ўхшаймиз. Қалбимиздаги фақат Худо қондириши мумкин бўлган ташналикни турли хил машғулотлар, гуноҳнинг вақтинчалик ҳузур ҳаловати билан тўлдиришга уринамиз.

Бироқ Худо биздан Унинг олдига ҳеч нарсасиз, қобилиятларимиз, билимларимиз, гуноҳларимизни қолдириб, камтарлик билан яқинлашишимизни истайди. Қалбимизни бўшатиб, Худонинг марҳамати ва баракатини олишга тайёр бўлиб боришимизни истайди. Худонинг олдида турар эканмиз, қалбимиз шундай бўш бўлсин-ки, Унинг солиҳлиги, яхшилиги ва марҳаматига ташна бўлсин. Калом: «Адолатга очу чанқоқлар бахтлидир, чунки улар тўқ бўлур» — дейди. «Очлик ва ташналик» сўзи нимани англатади. Бир пиёла сув билан бир бўлак нон еб қорни тўйишними? Бу билан очлик ҳисси бироз чекиниши мумкин аммо қорин тўймайди. Юнон тилида бу сўз «қоринни тўйдириш ҳисси» маъносини беради. Тасаввур қилинг қорнингиз жуда оч, кимдир сизга бир кичкинагина ликопчада овқат олиб келди. Уни еб бўлдингиз, аммо қорнингиз ҳали ҳам тўйгани йўқ. Яна ейишни истайсиз. Яхшилаб тўйишни истайсиз. Юнон тилидаги «очу-чанқоқлик» сўзи мана шу маънода келади. Қалбимиздаги бу чанқоқликни фақат Худо тўлдира олади. Баъзан биз аёллар Худо берганидан озгинасини оламиз. Бу шундай бўлмаслиги керак. Худо сиздан улушингизни тўлиқ олишингизни истайди. Худо бизга тайёрлаган нарсаларни тўлиқлигича сўраш ёмон эмас.

Солиҳликка эришганмизми? Бу саволга ҳа деб ҳам йўқ деб ҳам жавоб бериш мумкин. Исонинг инояти билан бунга эришганмиз. Худо бизга қарар экан, Исонинг солиҳлигини кўради. Бироқ бу етарли эмас. Худо бизга тайёрлаган солиҳликни тўлалигича олишимиз керак. Тўғри яшашга бўлган ташналик орқали биз бу солиҳликка эришамиз. Худо ваъдасига эришмагунча тинчимайдиган қалбимиз Худони мамнун қилади. Юқоридаги оятни асл таржимасига қараб уни шундай тушунтириш мумкин: «Қисман эмас, тўлиқ солиҳликни истайдиганлар, уни кейинроқ эмас ҳозироқ олишни истайдиганлар бахтлидир». Бироқ гуноҳга мойил бўлган танамиз билан солиҳликка қандай эришамиз? Бунинг иложи борми? Албатта иложи бор. Бизнинг суҳбатларимизни тинглаб боринг ва бунга жавоб топасиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top