Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Ҳар бир ота-она ўз фарзандларини тарбия қилиш даврида бир саволни устида кўп бош қотиришади, яъни: болаларни қандай жазолаш мумкин, умуман болаларни жазолаш керакми? — деган муҳим бир савол. Албатта, болаларимиз ўзларини яхши тутишлари учун ота-онага ва ўзидан катталарга қулоқ солиши учун, энг муҳими, бошқа инсонларга нисбатан ҳурмат- иззатда бўлишлари учун уларни жазолаб ҳам туриш керак. Тўғрироғини айтадиган бўлсак, тўғри жазолаб туриш лозим. Азиз биродарлар, болаларни қандай ва қайси усуллар билан жазолашга уринмайлик, улар барибир болалигича қолаверади. Албатта, бола катталарни қўлидаги калтакни кўрган пайтларида ўзларини яхши тутишади, сал ўтиб эса яна ўз билганларидан қолмайди.
Ҳар доим улар ўзлари танлаган йўлларини тўғри деб баҳолашга уринишади. Ҳурматли ота-оналар, шунинг учун ҳам болаларга болаларча муносабатда бўлиш жуда муҳим. Ҳеч қачон кичкина боланинг елкасида катта одамни бош қисмини кўришга уринманг. Улар ҳали жуда кичкина, асло ўзингиз билан уларни солиштирманг. Шу билан бирга болалар жуда эътиборли. Болангиздаги айрим қилиқларни ёки одатларни кузатадиган бўлсангиз, бундай одатларни қаердан ўрганганига ҳайрон бўлманг, балки у ўзига яқин бўлган инсонлардан ўргангандир. Балки сизнинг ўзингиз ҳам бўлишингиз мумкин. Азиз биродарлар, биз юқорида ҳар доим бола ўз танлаган йўлидан боради, деб айтиб ўтган эдик.
Албатта, биз катталар уларнинг нотўғри йўлдан бораётганини кўрсак, дарҳол тўхтатишимиз керак. Болада танлов ҳуқуқи бор, деб қўл қовуштириб ўтириш эса ёмон оқибатларга олиб келиши аниқ. Демак, ҳар бир оилада шундай тартиб-қоида бўлиши керак. Биринчиси: барча ота-оналар ўз болаларини тўғри тарбия қилиб, уларни керак пайтда тўғри жазолашни билиши лозим. Иккинчиси эса: ҳар бир бола ўз ота-онасига ва бошқаларга қулоқ тутишни ва уларнинг айтганларини сўзсиз бажаришни билиши керак. Агарда шу икки тартиб кимдир томонидан бузиладиган бўлса, демак, оилада болалар тарбияси яхши йўлга қўйилмаган, деб айтиш мумкин. Азиз биродарлар, ҳар бир ишни ўз вақтида бажариш — ортиқча ташвишлардан йироқ бўлиш деганидир. Шунинг учун ҳам бола тарбиясини ўз вақтида бошлаган яхши. Ҳурматли биродарлар, оилада бола тарбиясида қандайдир камчиликларни кўраётган бўлсангиз, зудлик билан чорасини топишга ҳаракат қилинг.
Ўз турмуш ўртоғингиз билан биргаликда ибодат қилиб Худодан ёрдам сўранг. Ўйлаймизки, ҳаммаси жойида бўлади. Азизлар, сизлар билан хайрлашишдан олдин сиз, азизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com Азизлар, болаларингизни севинг, улар билан, иложи борича, кўпроқ вақт ўтқазишга ҳаракат қилинг. Агар улар жаҳлингизни чиқарса, доимо ўзингизни қўлга олиб, бола билан хотиржам гаплашишга ҳаракат қилинг. Барчангизни оилангизга тинчлик-хотиржамлик тилаган ҳолда радиомиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар, деб қоламан.