Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Сиз азизлар билан яна радиомиз қаршисида дийдор учрашиб турганимиздан бениҳоят миннатдормиз. Эфирда”Дилкаш” радиоси. Марҳамат, тинглаб дам олинг. Азиз биродарлар, кўпинча ота-оналарда битта савол бўлади: “Ўсмир болаларни жазолаш керакми ёки керак эмасми?” — деган савол. Агар уларни жазолаш керак бўлса, ушбу жазо қандай кўринишда бўлиши керак? Албатта, ҳар бир ўсмир бола ўзлари содир этган қилмишларига яраша тегишини олиши керак. Ҳатто улар ўзларига бериладиган жазони ҳар қандай қаршиликсиз қабул қилишлари ҳам мумкин. Ўз вақтида ва тўғри берилган жазо ҳар қандай болани тўғри йўлни топишида катта ёрдам бериши мумкин. Ёки бўлмаса уларга ўзлари содир этган хато ишларини тушyниб олишларида ёрдам беради.
Албатта, жазо маълум чегарадан чиқиб кетмаслиги жуда муҳим. Мана шу жойда ҳар бир ота-она ўзларини кўрсата билиши керак. Албатта, жазо уларнинг қилмишларига яраша бўлиши керак. Айтайлик, ўсмир бола ахлатни ташлаб келишни ёдидан чиқарди. Бунинг учун болани бир ой ёки ундан ҳам кўпроқ кўчага чиқариш, умуман тўғри жазо деб айтишга арзимайди. Аслида ҳар бир ота-она болани содир этган хатосини яхшилаб текшириб кўриши керак. Бола атайлаб хатоларни содир этяптими ёки ростанам у кўп нарсаларни ёдидан чиқариб қўйдими? Шундан кейин унинг қилмишига яраша жазо бериш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Бундан ташқари айрим ота-оналарнинг ўзлари ҳам болаларни доимо эговлаб турадилар. Бу, албатта, болаларни безитиб қўяди. Керак бўлса, улар ўз ота-оналаридан қочишга уринишади.
Бундай кўринишни яхшиликка олиб келади, деб айтолмаймиз. Энг даҳшатлиси шундаки, болалар айни катта ўзгаришлар остонасида турган пайтда кўп нарсаларни ўз ота-онасидан эмас, балки кўчадан эшитадилар. Ташқаридан олинадиган маълумотларнинг ҳаммасини ҳам тўғри эмаслигини ўзингиз яхши биласиз. Хуллас, азизлар, болаларга бериладиган жазолардан қўрқиш керак эмас. Агар болага жазо бермоқчи бўлсангиз, жазоланиш вақти ҳаддан ташқари кўп бўлмаслиги керак. Айтайлик, бир ой ёки ундан купроқ вақт. Сабаби, орадан бир оз вақт ўтгандан кейин сизнинг фикрингиз ўзгариб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай қилиб, болага берилган жазо ўз кучини йўқотиб қўйиши мумкин. Ҳар бир гапингиз ва берадиган жазоингиз доимо қатъий бўлиши шарт. “Айтилган гап отилган ўқ” мазмунида иш юритишга одатланинг.
Яна бир муҳим нарса. Ҳеч қачон болаларга бериладиган жазо уларнинг руҳий ҳаётига тегишли бўлмаслиги керак. Масалан, уларни ибодатхоналарга боришини чеклаб қўйманг. Ёки ибодатхонадаги руҳий ишларда иштирок этишдан уларни чекламанг. Азиз биродарлар, сиз билан хайрлашар эканман, сиз азиз биродарларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтсам, мархамат, ёзиб олинг: dilkash@najot.com Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, оилангизга тинчлик ва хотиржамлик тилаб қоламиз. Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.