3:15

Руҳий ғалаба 187

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, келинг, бугунги эшиттиришимизни Эфесликларга мактубининг 6 боби 17 ояти билан бошласак. “Шунингдек, нажот дубулғасини кийинглар, Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаринглар”. Азиз биродарлар, Худованднинг каломига тўсқинлик қиладиган ҳеч нарса йўқ, Унинг каломи ҳар қандай тўсиқларни ёриб ўтади, у асло чегара билмайди. Худованднинг каломида сўз билан таърифлаб бўлмайдиган буюк куч-қудрат мавжуд. Ҳозирги кунда кўп мамлакатларда Худованднинг каломи тарқалишига тўсқинликлар борлиги ҳеч биримизга сир эмас. Шундай бўлса-да, Худованднинг каломи ажойиб тарзда тарқалиб бормоқда.

Бундан ташқари чегара билмас деб айтишимизнинг сабаби, бошқа мамлакатлардан биродарларимиз келишиб, Худованднинг сўзини тарқатишмоқда. Азиз биродарлар, мана шундай ажойиб ишларни олиб бораётган Худовандга шон-шарафлар бўлсин. Ҳурматли радио тингловчи, агар эътибор берган бўлсангиз, қайси бир мамлакатда Худонинг сўзига қаршилик бўлса, айнан шу мамлакатларда Худованд Ўзининг ажойиб ишларини янада кучлироқ олиб бормоқда. Бу дегани, ҳеч ким ҳеч қачон Худовандниг йўлини тўса олмайди. Шайтон ҳар хил йўлларни ишлатиб, турли хил қувғинлар орқали ёки яна бошқа усуллар билан Худони ишини тўҳтатишга уриниб кўрмоқда. Лекин бундай уринишлар бефойда. Чунки Худованд кучли ва қудратли Худодир. Ҳаворий Павлус бекорга Худованднинг каломини кескир қиличга ўхшатмаган. Унинг каломи олдидан чиқаётган ҳар қандай тўсқинликларни бурдалаб ташлай олади.

Азизлар, аввалари ота-боболаримиз доимо ёнида пичоқ осиб юришган, бунинг ўзига яраша сабаблари бўлган, албатта. Улар кўп жойларга пиёда ёки от, туяларни миниб боришган. Чунки кўпчиликда автомобиллар бўлмаган. Ёнида пичоқ олиб юришнинг асосий сабаби эса, улар йўлларида дуч келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф- хатардан сақланиш эди. Ахир душманларга қарши кураш ёки ёввойи ҳайвонларга дуч келиб қолинганида, албатта, пичоқ билан олишиш осонроқ бўлган. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар бир масиҳий инсоннинг ҳаётида турли руҳий жанглар бўлиб туриши ҳақида кўп маротаба айтган эдик. Шунинг учун Павлус бизга ҳам доимо ўз қуролимизни кўтариб юришимизни таъкидламоқда. Бизнинг қиличимиз эса, бу Худованднинг каломидир. Худованднинг каломини яхши билган ҳолда биз кўп нарса қила олишимиз мумкин.

Кўплаб инсонларга Раббимизнинг нажоти ҳақида гапириб берсак, яна шайтонга қарши курашда ҳам Худованднинг каломи доимо ас қотади. Раббимиз чўлда бўлганида шайтонга қандай жавоб берганлиги ҳар биримизнинг ёдимизда бўлса керак. Азизлар, Худовандни каломини ўқиб ўрганишдан асло чарчаманг, Худонинг каломи кўп нарсага қодир. Азиз биродарлар, бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top