2:55

Руҳий ғалаба 192

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар бир Масиҳга ишонган инсоннинг ҳаётида ўзига яраша қийинчиликлар учраб туради. Бундан ташқари ҳар хил қувғинлар ҳам бўлиб туриши аниқ. Қувғинлар асосан ўзимизга энг яқин инсонлар томонидан бўлишига ҳеч кимда шубҳа бўлмаса керак. Муқаддас каломга қарасак, турли вазиятларда душманлар томонидан бўлган ҳужумларга қарши туришга ҳаракат қилган инсонларни кўплаб учратамиз.

Ана шундай қаҳрамонлардан бири бу — Гидъўн. Гидъўн ўзининг саноқсиз армияси орқали душманга қарши қаттиқ туришни яхши билар эди. Душманлар Исроил халқига қарши бош кўтаришди ва ҳужум қилишди. Ҳакамлар китобининг 7 боби 12 оятидан шундай бир оятни ўқиб кўрсак: “Мидионлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар водийда чигиртка каби ғижиллаб ётарди. Уларнинг туялари эса денгиз қирғоғидаги қум каби сон-саноқсиз эди”. Албатта, Исроил халқи ушбу вазиятда қўл қовуштириб ўтиришни хуш кўрмадилар ва улар ҳам Мидионларга қарши курашиш учун ўзига яраша аскарларни тўплашди. Исроил халқининг аскарлари сони ўттиз икки минг эди.

Лекин ҳаммамизга яхши танишки, Худованд Гидъўнга қарата шунча кўп армия жанг олиб бориш учун шарт эмаслигини айтган эди. Албатта, Гидъўн Худовандга қулоқ тутди ва душманга қарши жанг олиб бориш учун бор йўғи уч юзта кишидан иборат аскарлар билан жангга отланди.

Азиз радио тингловчи биродар, албатта, ушбу воқеа ҳар биримизга жуда катта дарсни ўргатиши мумкин. Бизларнинг ҳаётимизда ҳам шунга ўхшаш қувғинлар бўлиб туриши аниқ. Албатта, шундай вазиятларда муаммодан тезроқ қутулиб қолишни иложисини қидириб қоламиз. Нима учун кўпчилик биродарларимиз шундай пайтларда Худовандга суянишни ёдидан чиқаради?

Ахир қийинчиликларга дуч келганимизда, инсонлардан кўра кўпроқ Худованднинг ёрдами керак бўлади-ку. Ҳатто инсонлар томонидан оладиган ёрдамларимиз ҳам Худованд томонидан рухсат этилсагина амалга ошиши мумкин. Тўғри, инсоннинг кайфияти тушиб кетганида, ҳатто ибодат қилишга ҳам куч топа олиш анча мушкул бўлиб қолади. Лекин шундай пайтда шайтоннинг қанчалик хурсанд бўлишини бир ҳаёлингизга келтириб қўринг. Ахир биз кимга хизмат қилишимиз керак? Шундай экан, ўзимизда куч топиб фақат Худовандгагина суянайлик. Худованд эса бизни ҳеч қачон ташлаб кетмайди.

Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр, соғ-омон бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top