Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. “Кураш” деганда икки рақиб ўртасидаги бири иккинчисини ерга йиқитиб, босиб ушламагунга қадар давом этадиган мусобақа назарда тутилади. “Қарши” сўзи шахсий душман ҳақидаги фикрни билдиради. Биз қўл билан жанг қилинадиган очиқ жангда охиригача курашамиз. Бу кураш шахсий душман билан бир умр олишиб ўтиш деганидир. “Ҳокимлар” ва “ҳокимиятлар” сўзи жинларнинг табақаланишига, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, катта ҳокимиятга эга бўлган ёвуз руҳларга тегишлидир.
“Бу қоронғу дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронлар” деган жумлада Худога қарши бош кўтарган дунёвий ҳокимиятлар ҳақида гапирилади. “Ёвуз руҳий кучлар” — бу самовий оламда яшаётган кўринмас ёвуз кучларнинг қўшинидир. Бу кураш Раббимиз Исода абадий ҳаётга эга бўлганлар ўтирадиган самовий оламда юз бераяпти. Келинг, азиз биродарлар, Эфесликларга мактубининг 2 боби 5 ва 6 оятларини биргаликда ўқиб кўрамиз: “Биз жиноятларимиз туфайли руҳан ўлган эканмиз, У Масиҳ орқали бизга ҳаёт бағишлади. Сизлар Худонинг инояти билан қутилгансизлар”.
Яна Эфесликларга мактубининг 6 боби13 оятда Павлус Худонинг қурол-аслаҳаларини кўтариш ҳақидаги буйруқни яна бир карра такрорлайди. Бу эса айнан шу топшириқнинг шошилинч эканлигини билдиради. Вақтни қўлдан бой бермаслик зарур. Бу урушда бутунлай бошқача қурол ишлатилади. Қандай қурол эканлиги эса 2 Коринфияликларга мактубининг 10 боби 4 оятида ёзиб қўйилган. Келинг, азиз биродарлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Бизнинг жангдаги қурол-аслаҳамиз башарий эмас, балки қалъаларни яксон қилиш қудратига эга бўлган руҳий аслаҳалардир. Биз Худонинг қудрати билан сафсаталарни барҳам берамиз”.
Жаҳаннамдан чиққан қари маккор илон билан курашишда бизга Худонинг қурол-аслаҳалари зарур бўлади. Биз бу қуроллар билан тўлиқ таъминланганмиз ва улар бизга бепул берилган. Азиз радио тингловчи биродарлар, имонлининг “тура олиши” мумкинлигига эътибор беринг. Бу сўзлар “қаршилик” ёки “қаршилик кўрсатиш” деган маънони беради. “Бутун тадбиркорлик билан иш тутиб”, имонли ўз ўрнида ғолиб, яъни чемпион сифатида тура олади. Бундан кўриниб турибдики, имонли шон-шуҳрат ва узил-кесил ғалабага эришиб, ўз ўрнида мустаҳкам туради. Баъзи кишилар “ёмон кун” деган жумла охиратни иблиснинг Ҳазрати Исо ва Унинг қўшинига қарши жон-жаҳди билан ҳужум бошлайдиган кунларини билдиради, деб ҳисоблайдилар.
Аммо кенг тарқалган қарашлардан бири “ёмон кун” — бу имонлининг ҳаётидаги ҳар битта руҳий урушдир, деб айтади. Азизлар, сиз билан хайрлашиб, сизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизнинг манзилини эслатиб ўтамиз: www.najot.com яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, омон бўлинглар.