Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали янги кичик уй гуруҳларини қандай қилиб ташкил қилиниши ҳақида суҳбат қиламиз. Албатта ҳар бир хизматчи ўзининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ушбу ишларни амалга оширади. Шундай бўлсада бизнинг маслаҳатларимиз кимларгадир фойдали бўлиши мумкин. Азиз биродарлар, барчаси Хушхабар айтишга боғлиқ десак, хато бўлмайди. Кимдир ўзининг ишхонасида, яна кимдир турли ўқув масканларидаги ўзларининг яқин инсонларига Хушхабар айтиши мумкин. Бизнинг ўйлашимизча, бирданига: мен масиҳийман, деб гап бошлаш унчалик ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин. Унинг ўрнига: сен масиҳийликка қандай қарайсан, деб дўстингизни муносабатини билганингиз маъқул.
Албатта кўпинча бундай саволларга ижобий жавоб бўлмайди. Шундай бўлсада шу инсоннинг юрагида Худованд Ўзининг Муқаддас Руҳи орқали ишлашига ишонинг. Худованд дунёдаги энг бағритош инсонни ҳам мулойим ва кечирилган инсонга айлантира олади. Иложи борича ҳар куни танлаган инсонингиз билан Худованд ва Унинг кечирими ҳақида суҳбатлар олиб борганингиз маъқул. Агарда сизда тажриба камроқ бўлса, гуруҳингиздаги тажрибали инсонлардан бири билан Хушхабар айтаётган дўстингизни таништириб қўйишингиз мумкин. Азиз радиомиз мухлислари, кимгадир Хушхабар айтганингизда шуни ёдингизда тутинки, сиз аввалом бор Худованднинг амрини бажаряпсиз. Битта гуноҳкорнинг қутқарилиши Худованд учун катта байрамдир, деб айтишимиз мумкин. Ҳамма ишларингиз жойида бўлса, дўстингизни аста-секин ўзингиз қатнайдиган кичик уй гуруҳига таклиф қилганингиз яхши бўлади. Чунки Хушхабар эшитган инсон: дунёда мендан бошқа масиҳий инсонлар бўлмаса керак, деб ўйлаши мумкин.
Қачонки у бошқа масиҳий инсонларни кўрса, фикри ва тушунчалари ўзгаради. Кимгадир Хушхабар айтишдан олдин шу инсон учун кўпроқ ибодат қилинг, бу жуда муҳим. Албатта ҳозирги шароитни ҳисобга олсак, Хушхабар айтиш аввалгидек осон кечмайди. “Лекин жанг қурбонсиз бўлмайди деганларидек”, бизнинг хизматимиз Худованднинг номи улуғланиши учунлигини яхши тушуниб олишимиз керак. Яна бир масала: ўзингизга яқин инсонлар билан муқаддас каломни биргаликда ўқишингиз мумкин. Албатта бунда дўстларингиз томонидан турли саволлар пайдо бўлиши муқаррар. Шундай бўлсада, ўзингизни фикрингизни ва шу китобда ажойиб ҳақиқатлар ёзилганлигини айтиб ўтишингиз мумкин. Шундан кейин улар билан биргаликда ўқишни таклиф қилинг. Ўйлайманки, Худованд сиз азизларга бундан ҳам яхшироқ донолик ва Хушхабар айтиш усулларини ўргатади. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азиз биродарларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com хайр омон бўлинг, азиз тингловчи.