2:57

Уй гуруҳлари 79

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азизлар, сиз билан яна кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзуимизни давом эттириш ниятидамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар биримизга яхши маълум бўлса керак, Матто Хушхабар китобининг 28 боби 19 ва 20 оятлари. Шундай бўлсада ушбу ажойиб топшириқни яна бир бор эсламоқчиман: “Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота ,Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар. Мана, Мен ҳар куни, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан”.

Азиз радио тингловчи биродарлар, албатта ҳар бир кичик уй гуруҳлари ва катта жамоатларнинг асосий вазифаларидан бири — Раббимизнинг ушбу айтганларни сўзсиз бажаришдир. Баъзида кичик уй гуруҳлари мавжудлигини кўрамиз. У жойда ҳам Худони улуғлаш, ибодат қилиш ва шунга ўхшаш баъзи вазифалар бажарилади. Лекин жамоатда ўсиш йўқ, деб айтишимиз мумкин. Масалан, мен шахсан билган битта кичик уй жамоати бор. Бундан уч йил муқаддам шу кичик уй жамоатида тахминан ўнга яқин биродарлар бор эди. Ҳозир ҳам худди шундай. Ёлғон бўлмасин, баъзи биродарлар ушбу жамоатдан кетганлиги бизга маълум, лекин уларни ўрнини бошқа бир жамоатдан келган биродарлар тўлдиришгани ҳам рост.

Худовандга хизмат қилиш ва Унинг юқорида айтган амрларини бажариш сал бошқачароқ бўлади. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, мен бугун кимнидир ёки қайсидир жамоатни айиблашдан йироқман. Лекин шундай бўлсада, ҳақиқатни гапиришимиз керак. Ахир гуруҳлар сонини нима ҳисобига кўпайтиряпмиз? Бошқа жамоатлардан келган биродарлар ҳисобигами? Йўқ, менимча, Хушхабар айтиш орқали янги биродарларни олиб келишимиз керак. Тўғри, бу осон иш эмас. Лекин Раббимиз шуни истайди. У биз гуноҳкор инсонлар учун Ўзининг муқаддас қонини тўккан пайтда барчамизни айнан Хушхабар тарқатиш учун кечирди ва танлаб олди. Унга қулоқ тутиш ва Унинг айтганларини бажариш биз учун шарафдир. Барча гуруҳларнинг ва катта жамоатларнинг мақсади битта. У ҳам бўлса, одамларга Хушхабар тарқатиш.

Азизлар, ўзимизнинг Ватанимиз учун ўзимиз жон куйдирмасак, ташқаридан келган бирон-бир инсон ҳеч кимга ачинмайди. Халқимизда “Ўзинг учун ўл етим” деган нақл бор. Ташқаридан келган одамлар вақти келиб ўз юртига қайтиб кетишини яхши биламиз. Шундай экан, келинг азиз биродар, Хушхабар учун одамларнинг нажоти ва қутқарилиши учун қамишдан бел боғлайлик. Худованд ҳар биримизни мақсадимизга эриштирсин. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз якунига етди. Сизлар билан хайирлашар эканман, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинг, азиз тингловчи.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top