2:50

Руҳий ғалаба 199

MP3

Ассалому алайкум “Дилкаш” радиосининг доимий мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да дийдор учрашганимиздан жуда миннатдорман. Марҳамат тингланг, эшиттиришимизни бошлаймиз.

Азиз радио тингловчи биродарлар, келинг, бугунги эшиттиришимизни Муқаддас китобдаги оятлар билан бошласак. 2 Коринфияликларга мактубининг 6 боби 14 ва 15 оятлари: “Имонсизлар билан нораво шериклик қилманглар. Солиҳлик билан қонунсизлик орасида қандай алоқа бор? Ёки нур билан қоронғулик орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин? Масиҳ билан алайҳиллаъна орасида қандай келишув бўла олади? Ёки имонли билан имонсиз орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?”

Бундан ташқари шу бобнинг 17 оятида ҳам ажойиб оят бор. Келинг, азиз биродарлар, шу оятни ҳам биргаликда ўқиб кўрамиз: “Бинобарин, Худованд шундай деган: Уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар, нопокка эса қўл тегизманглар, шунда Мен сизларни қабул қилурман”.

Бугунги кунда кўпчилик масиҳийларни ҳайрон қолдирадиган бир нарса бор. У ҳам бўлса замонавий жамоатлар дунёга тақлид қилишади. Агар дунёда ўзининг оиласига, аёлига хиёнат қилиш оддий ҳол бўлса ва бўндан ташқари бегоналар билан зино қилиш ҳам оддий ҳол бўлса, жамоат нима қилиши керак?

Ўзбек халқида шунга яқин келадиган бир ажойиб нақл бор: “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар” деб айтишади. Албатта агар жамоатлар дунё билан дўстлашадиган бўлса ва дунёда бўлаётган нарсаларга оддий ҳол деб қарайдиган бўлса, кунлар келиб ушбу ҳолатлар масиҳийлар орасида ҳам оддий ҳолга айланиб қолмаслигига ким кафиллик бера олади? Менимча, кўпчилигимиз эшитган бўлсак керак. Айниқса кимдир чет элда бўлган бўлса, жамоатлардаги ҳолатни кўриб ўйланиб қоласан киши. Масалан, чекиш ёки пиво ичиш, бундан ташқари энг даҳшатлиси: икки бир хил жинсдаги инсонларнинг никоҳларини қайд қилишлари барчамизни ўйлантириб қўяди.

Ушбу айтиб ўтганларимизнинг бари Худога қарши ва Муқаддас каломда аниқ тиниқ қилиб гуноҳлигини ёзиб қўйган. Азиз биродарлар, ўзилигимизни йўқотмайлик. Ва шунга ўхшаш ҳолатлар бизда ҳам содир бўлмаслиги учун қўлимиздан келганини қилишга ҳаракат қилайлик. Ўйлайманки, ҳар бир инсон гуноҳни ва ҳаромни ҳалолликдан ва ҳақиқатдан ажрата оламиз. Муқаддас Рухга ибодат қилиб Ундан сўрасак, албатта тўғри йўлни топишимизда У мададкор бўлади. Шундагина Худованд нафақат бизни, қолаверса бутун халқимизни марҳаматлайди, деб ишонамиз.

Шунинг билан азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сиз азизлар билан хайрлашишдан аввал, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top