Ассалому алайкум “Дилкаш” радиомизнинг доимий мухлислари. Сизлар билан яна янги йил арафасида учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, барчангизга тинчлик, омонлик ва руҳий ҳамда маънавий бойлик тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. Азиз биродарлар, Худованд ҳар бир кишига ўз меҳнати эвазига кун кечиришини ва оиласини боқишни берган. Албатта Адан боғида Одам Ато ва Момо Ҳаволар Худованднинг барча талабини бажаришганида ва Унга қулоқ тутганларида, балки ҳаммаси бошқачароқ бўлар эди. Чунки уларнинг содир этган гуноҳларидан сўнг, Худованд Одам Атога кўп меҳнат қилиши кераклигини айтган эди. Ўйлайманки, Худованднинг барча айтганлари ҳозирги кунга қадар амалга ошиб келмоқда. Албатта ҳар бир масиҳий меҳнат қилиши керак.
Шу билан бирга ҳар бир масиҳий биродарнинг ўзига яраша бошқа вазифалари ҳам бор. Масалан, Худовандга оқилона хизмат қилиш. Азиз биродарлар, сиз ишлаётган заводдами, корхонадами ёки бошқа бирон жойда сизга бошлиғингиз ниманидир қилмасликни буйруқ сифатида буюриши мумкин. Албатта раҳбарнинг айтганларини бажариш керак. Лекин Худованд учун қилаётган хизматингизни ҳеч ким ман қилолмайди. Чунки Худованд барча раҳбарлардан улуғ ва буюкроқдир. Азиз биродарлар, биз яшаб турган дунёда кўплаб лаънат нарсалар мавжуд. Биз ҳозирча шу ерда яшар эканмиз, барча лаънатлардан иложи борича йироқроқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Албатта Худованд ҳеч бир масиҳий биродарни ўз ишининг қулига айланиб қолишини истамайди. Бу дегани, ўз ишингизни чала ёки ярим ёрти бажаринг дегани эмас.
Албатта ҳар бир қилаётган ишимизни Худога манзур ва Унга маъқул даражада бажаришимиз керак. Керак бўлса, ҳар биримиз қилаётган ишимиз орқали Худони улуғланишига ҳаракат қилишимиз керак. Азиз биродарлар, келинг ҳар биримиз ўз меҳнатимиз орқали биродарларга ёрдамлашайлик, муҳтожларни камчиликларини тўлдиришга ҳаракат қилайлик. Шу билан бирга Худованд бизга берган ушбу ҳаётда дам олиб хурсанд бўлишга ҳам вақт топайлик. Рус тилида “трудоголик” деган сўз бор. Бу сўзнинг маъносини тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Инсон ҳар бир нарсада ўз чегарасини билиши керак. Ўйлайманки, ҳатто Худованд учун қилаётган хизматимизда ҳам.
Чегарани билмаслик — инсонни тезда бездириб қўяди ва ушбу хизматдан ёки ишдан тезда воз кечишгача олиб келиши мумкин. Шунинг учун шошмасдан, сифатга эътибор бериб меҳнат қилиш самаралироқ бўлади, деб ўйлайман. Ҳурматли биродарлар, Отамиз ҳар бирингизни марҳаматласин. Хонадонингизга барака, оилангизга тинчлик бўлсин. Азизлар, шунинг билан бугунги мавзуимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, сиз азизларга ўзимизниг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчи эдим: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.