Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз радио тингловчилар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Марҳамат тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, Раббимиз Исо Масиҳ ўз шогирдлари билан ёки бошқа инсонлар билан суҳбатлашаган пайтида, албатта Эски Аҳддан нимадир гапирар эди. Раббимизнинг Эски Аҳд китоби билан бўлган муносабатини кўрадиган бўлсак, бошқа бир дунёга тушиб қолгандай бўламиз. Юҳанно китобининг 10 боби 35 оятида Раббимиз Ўзининг ибодати орқали Ўз Отасига шундай деган эди: “Мана Худо қадимларга каломни юбориб, уларни ҳатто худолар деб атаган.
Муқаддас Битикни эса бузиб бўлмайди”. Бундан ташқари яна Юҳанно китобининг 17 боби 17 оятида Раббимизнинг шундай сўзлари келтирилган: “Уларни ҳақиқатинг билан муқаддас қилгин. Сенинг каломинг ҳақиқатдир”. Мана шу оятларни ўқиганимизда Раббимиз Исо Масиҳнинг Муқаддас каломга бўлган муносабати умуман бошқача эканлигини кўришимиз мумкин. Ёдингизда бўлса керак, Раббимиз Исо Масиҳ шайтон томонидан васвасага солинган пайтда, У ҳар бир жавобида Эски Аҳд китобининг Иккинчи қонунлар китобидан гапирган эди. Худованднинг каломидан гапириб Рабббимиз Исо Масиҳ шайтонни Ўз ёнидан ҳайдади.
Исо Масиҳ ҳар қандай шубҳаларни ортда қолдириб, Худонинг каломи ҳақиқат эканлигига кучли ишонар эди. Исо Масиҳ садуқийларга қарата шундай гапларни айтгани маълум: “Сиз Муқаддас Китобни ҳам, Худонинг қудратини ҳам билмаганингиздан адашяпсизлар”. Матто китоби 22 боб 29 оят. Ҳозирги кунда айрим олимлар ўзлари билмаган ҳолда Муқаддас каломдаги айрим оятларни Раббимиз мисол сифатида келтириб ўтган деган фикрларни илгари сўришмоқда. Бошқача айтадиган бўлсак, Раббимизнинг айрим гаплари оддий миф эмиш. Келинг азиз биродарлар, айнан қайси оятлар ҳақида гап кетаётганини айтиб ўтсам. Масалан: Одам Ато ва Момо Ҳаво тўғрисида Матто китоби 19 боб 4 ва 5оятлар.
Бундан ташқари Садўм ва Ғамўра ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикрлар йўқ эмас. Айнан Лука 17 боб 28 ва 30 оятлар ҳақида гап бормоқда. Кўпгина олимлар Худонинг борлиги ва Исо Масиҳнинг қилган ишлари ҳақида яхши гапларни айтади. Лекин Исо Масиҳ ер юзига келиб қачонки инсон қиёфасига кирганида, У Ўзининг бутун донолигин йўқотган, деб ҳам айтишади. Яна бошқа олимлар, аслида Исо Масиҳ Ўзининг айтганларига ишонмаган, фақатгина яҳудийларни васвасага солиб қўймаслик учун У Ўзини ишонтиришга мажбурлаган, деб ҳам айтишади.
Азиз биродарлар, ким нима деб айтса, у ўзининг хоҳиши, лекин бугунги кунда барча ҳақиқат биз масиҳийлар учун маълум. Муҳими, Худованд ҳеч қачон адолатсизлик қилмаслигини биз яхши биламиз. Шунинг билан азиз биродарлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга мустаҳкам имон, руҳий бардамлик тилаймиз. Шунингдек, ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.