Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радиомиз мухлислари билан яна радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Бутун оламнинг шоҳи Раббимиз Исо Масиҳ Ўзининг шоҳлигини қачон бошлаган эди? Қачонки одам гуноҳ содир этган вақтида Худованд Ўзининг қутқариш режасини зудлик билан бошлаб юборган эди. Ибтидо китобининг 3 боби 15 оятида шундай ёзилган сўзлар бор. Келинг азиз биродарлар, ушбу оятни биргаликда ўқиб кўрамиз.
“Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан, унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан”. Шу тобдан бошлаб Раббимиз Исо Масиҳ Пайғамбар, Руҳоний ва Шоҳ сифатида Ўзининг ишини бошлади. Албатта, буларнинг барчаси Худованднинг буйруғи ва режаси асосида бўлиши керак эди. Эски аҳд даврининг бутун давомида Раббимиз Исо Масиҳ Худонинг Қўзиси ёки бошқа атамалар билан аталиб келган эди. Қўзи сўйилиб қурбонлик келтириш учун боқилади. Раббимизнинг биздек гуноҳкорлар учун қурбон бўлиши эса шундай атаманинг пайдо бўлишига сабаб бўлган эди.
Азиз радио тингловчи биродар, агар орамизда кимдир қўзиларнинг сўйилишига гувоҳ бўлган бўлса яхши билади. Қўзичоқлар ўзларини сўйилишини билсалар ҳам, жимгина ҳар қандай қаршиликларсиз ўзларини қассобнинг қўлига топширади. Раббимиз Исо Масиҳ ҳам худди шундай йўл тутди. Албатта, У Ўзини қутқариб қолиши мумкин эди. Раббимиз Худо бўлгани учун ҳам Ўзини ҳимоя қила олар эди. Лекин мана шу сўзи кўп нарсани тушунтира олади. У айнан шу қурбонлик учун ерга келган эди. Шу қурбонликни Раббимиз керагидан ҳам ортиқ даражада амалга ошира билди. 1Коринфияликларга мактубининг 10 боби 2 оятдан 4 оятгача бўлган жойларини биргаликда ўқиб кўрамиз.
“Уларнинг ҳаммаси шундай булут остида кезиб ва денгиздан ўтиб, Мусо пайғамбар номидан сувга чўмиб имон келтиргандай бўлдилар. Ҳаммаси баравар рухий озиқни едилар. Ҳаммаси баравар руҳий ичимликни ичдилар, улар орқаларидан келаётган руҳий қоятошдан сув ичдилар. У қоятош эса Масиҳ эди”. Ушбу оятни ўқиганимизда шуни кўришимиз мумкинки, Раббимиз Исо Масиҳ азалдан бўлган ва ҳали Ўз миссиясини бошлашидан аввал ҳам, ер юзига келишдан аввал ҳам барча инсонлар ҳақида қайғурган эди. Чунки У Худованд. У барча инсонларни шунчалик севиб Ўз жонини қурбонликка бағишлади. Азизлар, бу бизнинг ҳаёт кечиришимиз учун эди. Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ уччаласи биргаликда бутун инсонятни ўлимга қараб кетаётганини кўриб қараб турмадилар.
Улар бутун инсоният учун ҳамма нарсани амалга оширди. Бу абадий ҳаёт бугунги кунда бизга насиб бўлди. Азизлар, Раббимизнинг ажойиб хизмати ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг. Яна радио тўлқинларимиз орқали дийдор учрашгунча хайр омон бўлинг, азиз биродарлар.