Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи дўстлар. Эфирда уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан бири. Азизлар, сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли биродарлар, бугун сизлар билан кичик уй гуруҳларида янги имонга келган биродарлар билан шогирдлик қилиш мавзусида суҳбатлашмоқчи эдим. Гуруҳингизга келиб қўшилиётган ҳар бир биродарга асло бефарқ бўлманг. Доимо уларнинг оиласи, шароити ва энг муҳими уларнинг руҳий ҳаёти ҳақида суҳбатлашиб, қизиқиб туринг. Мен ўз тажрибамдан мисол келтириб ўтмоқчи эдим.
Мен бошқариб турган гуруҳда шундай тартиб бор: ҳар бир биродар йиғилишимиздан аввал ўзлари ўқиган мавзулар ва боблар ҳақида, албатта, бутун гуруҳ билан қисқача бўлишиши керак. Бундай йўл тутишимизнинг сабабини тушуниб етган бўлсангиз керак. Сабаби, ҳар бир гуруҳ аъзоси шу орқали ҳар куни калом ўқишга ўрганади. Агар гуруҳда калом ўқиш яхши йўлга қўйилмаган бўлса, бу жиддий муаммо, деб айтишимиз мумкин. Ҳозир турли хил аудио ва видео дискларни топиш мумкин. Ана шундай ёзувли дискларни телефонларга ёзиб олиб, бемалол эшитиб юриш ҳам мумкин.
Ҳурматли биродарлар, ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтмоқчи эдим. Гуруҳингизда биродарлар билан биргаликда турли масиҳий фильмларни ёки ҳужжатли фильмларни ҳам кўриб туриш — гурух аъзоларини янада руҳлантиради. Энди янги имонга келган биродарлар масаласига келсак, улар билан Муқаддас каломдан тегишли жойларни топиб биргаликда ўқиб тушунтириш ишларини олиб боринг. Албатта барчасини ўз зиммангизга олиш сизни вақтингизни ўғирлаши мумкин. Шунинг учун гуруҳда сиз ишонган биродарлар бўлса, улар ҳам хизмат қилишига имкон беринг. Азиз биродарлар, ҳозирги шароитни ҳисобга олиб гапирадиган бўлсак, бундай хизматларни аёллар билан аёллар, эркаклар билан эркаклар олиб бориши маъқул.
Хабарингиз бор, шайтон масиҳийларни ҳар нарсада айблаши мумкин. Шунинг учун ҳар биримиздан катта донолик талаб этилади. Янги биродарлар билан шуғулланиш ишларини олиб борганда, албатта уларнинг эски ҳаётлари ҳақида ҳам қизиқиб кўринг. Агар уларнинг авлодида жодугарлик, фолбинлик ёки шунга ўҳшаш нимадир бўлса, барчасидан воз кечиб Худодан кечирим олиш жуда муҳим. Бундан ташқари имонга келишдан аввал кимларнидир хафа қилган бўлса, шу инсонлар билан учрашиб улардан кечирим сўраб, ўзларининг руҳий аҳволини янада тоза ва мустаҳкам қилишларини ҳам шогирдларингизга эслатиб туринг.
Мана шу хизматда ҳар биримизни Худованд янада марҳаматласин, деб бугунги мавзумизни якунлайман. Азизлар, шу билан бирга ўзимизниг электрон почтамиз манзилини ҳам сизга эслатиб ўтсам: dilkash@najot.com мактубларингизни кутиб қоламиз. Ўзингизни қизиқтирган мавзулар бўйича саволларингизни бизга ёзиб юборасиз деган умиддаман. Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.