Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азизлар, сиз билан яна кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзумизни давом эттириш ниятидамиз. Азиз радиомиз мухлислари, маълумингизки, ҳар бир кичик уй жамоатларида турли хизматчилар бўлади. Шундай хизматлардан бири бу — йиғилишни олиб бориш хизмати. Йиғилишни олиб боришда битта жуда муҳим масала бор. У ҳам бўлса, йиғилишни олиб борувчилар тез-тез алмашиб тургани маъқул.
Сабаби, гуруҳ аъзоларининг кўзи бир кишига ўрганиб қолмасин. Бундан ташқари олиб борувчилар ҳам ҳар хил характерга эга бўлган инсонлардир. Ўйлайманки, олиб борувчилар аёллардан ҳам бўлиши мумкин. Лекин, албатта, муҳитнинг шароит шуни тақоза қилиши керак. Энди йиғилишни олиб борадиган инсонларга ёрдамчиларни қаердан топиш мумкин? Албатта шу гуруҳнинг ўзидан. Ёрдамчиларни топишда нималарга эътибор қилиш керак?
Биринчидан, ёрдамчининг неча йил илгари имонга келгани унчалик рол ўйнамайди. Муҳими, шу биродарнинг Худованд билан бўлган алоқасидир. Агар шу биродар мустаҳкам имонда бўлса, нима учун унга хизмат бермаслигимиз керак? Масиҳий кишининг руҳий ҳолати доимо инсонни Худога хизмат қила оладими ёки йўқми, шуни аниқлашда катта рол ўйнайди. Шу нарсани айтишим мумкинки, агар масиҳий кишига бир неча йиллар давомида эътибор бермай, унга ҳеч қандай хизматни ишониб топширмасак, у биродарнинг руҳий ҳолати аста-секин совий бошлайди.
Шунинг учун гуруҳингиздаги ҳар бир биродарда кичкина бўлсада қандайдир хизмат бўлиши керак. Албатта мен бу жойда масиҳийнинг қандай руҳий ҳолатда эканлигини ҳисобга олган ҳолда гапиряпман. Азиз биродарлар, ёрдамчи танлаш бу жуда маъсулиятли вазифа. Чунки ёрдамчилар келажакда асосий бошқарувчилар ёки ўз гуруҳига эга бўлган хизматчиларга айланиши мумкин. Ҳар бир бошлаган ишимизда, айниқса хизматчиларни танлашимизда, олдиндан шу биродарлар учун ибодат қилиш жуда муҳим. Хизматчиларни руҳий ҳаётини, оила шароит ва аҳволини зимдан ўрганиб чиқинг.
Олдиндан: сенга фалон хизматни бермоқчиман, деб айта кўрманг. Чунки вақт ўтиб фикрингиз ўзгариб қолса, бундай ҳолат биродарга қаттиқ таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳатто уни гуруҳдан йўқотиб қўйиш ҳам мумкин. Азиз биродарлар, ҳар бир бошлаган ишингизни Худованд охиригача марҳаматласин деб, эшиттиришимизга якун ясамоқчиман. Бундан аввал сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com Азиз биродарлар, агар сизларда таклифлар ёки ибодат муҳтожликлари бўлса, бемалол бизга маълум қилинг, сиз учун албатта ибодат қиламиз. Оилангизга эса тинчлик тилаб, яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-омон бўлинг деб қоламиз, азиз биродарлар.