Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиз учун Худовандга шукуроналар айтамиз. Азизлар, сиз билан яна кичик уй гуруҳлари ҳақидаги мавзумизни давом эттириш ниятидамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар бир уй гуруҳи Раббимиз Исо Масиҳнинг икки мақсади сари интилишлари зарур. Бу қандай мақсадлар эка? Биринчиси, кичик уй гуруҳидаги ҳар бир аъзоларни руҳий ўстириш ва иккинчиси эса, гуруҳдаги имонлиларни кўпайтириш ва уларнинг руҳий аҳволини мустаҳкамлашдан иборат.
Азизлар, агар биринчи мақсадга тўхталиб ўтадиган бўлсак, ҳар бир имонли биродар Масиҳнинг ҳар бир айтганига қаттиқ амал қилишни ва Худога кун сайин яқинлашиб, бошқа биродарлар билан ҳамда ўзига яқин инсонлар билан муносабатини яхшилаши жуда муҳим. Келинг, мана шу гапимизга муносиб бир оят билан танишиб чиқамиз. Ушбу оят 1Юҳанно мактубининг 4 боби 7 оятдан 16 оятгача бўлган жойларида битилган: “Эй маҳбубларим, бир-биримизни севайлик. Чунки севги Худодандир. Ҳар бир севувчи киши Худодан туғилган ва Худони танийди. Севмайдиган киши Худони танигани йўқ. Чунки Худонинг Ўзи севгидир”. Азизлар, албатта биз ушбу оятни охиригача ўқимадик. Ўйлайманки, ўзингиз шу оятларни ўқиб, чуқур мулоҳаза қилиб кўрасиз. Энди иккинчи мақсад ҳақида икки оғиз гап.
Агар бошқа инсонлар билан яхши муносабат қила олсак, демак, аста-секин уларга Хушхабар етиб бориши мумкин. Хушхабар орқали эса кичик уй гуруҳларининг сони янада ортиб боради деган. Албатта, юқорида айтганимиз каби мақсадлар сари интилиш керак. Акс ҳолда мақсадларимиз орзулигича қолиб кетиши турган гап. Кичик уй гуруҳидаги имонли биродарларни имонини ўстириш учун қўйидагиларга амал қилиш -яхши ҳосил келтиради, деб сизларни ишонтира оламиз: ҳар куни каломни ўқишни ўргатиш, иложи борича биргаликда калом ўқиб, тушунмаган жойларини изоҳлаб бериш.
Янги имонга келганлар билан шогирдлик муносабатини ўрната билиш. Биродарларни бир-бири билан яқиндан муносабат қилишлари учун имкон бериш. Яна биргаликда ибодат учрашувларини ташкил қилиш. Шу айтиб ўтганларимиз ҳар бир кичик гуруҳлар учун фойдали бўлиши аниқ. Азизлар, кўпчиликнинг фикрича энг яхши Хушхабар бу биродарларнинг яшаш ҳаёт тарзидир. Агар сизнинг ҳаётингиз бошқаларда яхши таасурот қолдирса, демак, Хушхабар айтиш учун сизда имкон бор. Азиз биродарлар келинг, Худованд учун қўлимиздан келган барча яхшиликларни қилайлик. Хушхабар тарқатиб одамларни нажотга эришиши учун ўзимизнинг ҳиссамизни қўшайлик. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашиб, барчангизга Худо ёр бўлсин, деб қоламиз ва ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини сизларга яна бир бор айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.