Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азизлар билан яна радиомиз тўлқинлари орқали ғойибона учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар тингланг, эфирда “Дилкаш” радиоси. Азиз биродарлар, сиз билан биз масиҳий эканмиз, имонда мустаҳкам туриш учун ва Раббимиз Исо Масиҳга қилаётган хизматимизда максимал даражада мустаҳкам бўлиб боришимиз керак. Раб Исо Масиҳ Ўзининг ўлими, ерга кўмилиши ва ўликлардан биринчи бўлиб тирилиши орқали ҳар биримиз учун ғалаба келтирди. Айнан шу ғалабани нашидасини сўриш учун биз масиҳийлардан фақатгина мустаҳкам имонда тура билишнинг ўзи етарли, деб ўйлайман. Балки ушбу гапларимиз кимларгадир эриш туюлар. Aзизлар, мен ҳозир сизга айтганларимни тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман.
Имонда мустаҳкам тура билган инсон хеч қачон гуноҳ ишларга қўл урмайди. Ундай кишининг ўй-ҳаёлида фақатгина Раб Исони қандай қилиб мамнун қилиш фикри бўлади холос. Шунинг учун ҳам ҳар бир имонли биродар кундан-кунга мустаҳкам имон эгасига айланиши керак. Раббимиз Исо Масиҳ ерга келган пайтида инсон қиёфасида эди. У ер юзида инсон каби яшади ва инсонлар билан доимо бирга бўлди. Шу билан бирга ҳеч қачон У гуноҳ нималигини билмади. Азиз биродарлар, келинг Ибронийларга мактубининг 2 боби 14 ва15 оятларини биргаликда ўқиб чиқами: “Болалар эт ва қондан иборат бўлганлари учун, Исо Ўзи ҳам уларга тенглашиб, худди шундай вужудга эга бўлди, токи ўлим билан даҳшат сочувчи иблисни Ўз ўлими орқали йўқ қилсин ва умр бўйи ўлим қўрқувига қул бўлган одамзод болаларини озод қилсин”.
Ҳали дунёда нажотга эга бўлмаган инсонлар кўп. Демак, биз ҳали тўлиқ ғалабани қўлга киритганимиз йўқ. Шундай экан шайтон бор кучини ишга солиб Худога ва Унинг фарзандларига ғалабани тўлиқ эгаллашлари учун халақит қилишга уринади. Бу дегани эса, масиҳий биродарлар ҳар куни шайтон билан руҳий жанг олиб боришга тайёр бўлишлари керак дегани. Азиз биродарлар, шайтоннинг ушбу ҳужумларига биз қандай жавоб қайтаришимиз керак бўлади? Бунинг учун ҳозирги кунда айриб жамоатларда тарғиб қилинаётган турли усуллар билан жангга чиқишимиз шарт эмас. Бунинг ўрнига ҳаворий Павлуснинг кўрсатмаларига амал қилишнинг ўзи етарли деб биламан. Келинг азизлар, Павлуснинг ушбу гапларини каломдан биргаликда ўқиб кўрамиз: “Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар.Ҳамма ишларингизни меҳр-муҳаббат билан бажо келтиринглар”
Азизлар, биродарлар, мана шу оятда айтилган сўзлар ҳар бир имонли учун руҳий жанг олиб бориши учун жуда керакли сўзлардир. Агарда ушбу оятдаги сўзларга амал қилсак, албатта васвасалар, турли гуноҳлар, жамики инсонни масиҳийлик ҳаёт кечиришида халақит қиладиган барча камчиликлар ўз-ўзидан чекина бошлайди. Гуноҳдан ўзоқлашиш эса тобора инсонни Худога яқинлаштиради. Шунинг билан азиз радио тингловчи, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашишдан аввал сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги сайтимизни манзилини эслатиб ўтсам: www.najot.com Яна тўлқинларимиз орқали дийдор учрашгунча хайр, саломат бўлинг азиз биродарлар.