Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна радиомиз тўлқинлари орқали сизлар билан ғойибона бўлсада дийдор учрашаётганимиздан мамнунман. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ Ўзининг кўплаб шогирдлари орасидан фақатгина ўн икки кишини танлаб олган эди. Сабаби, мана шу ўн икки киши айнан Раббимизнинг ер юзида бўлган пайтдаги хизматини одамлар билан қандай муносабат қилганини ва Раббимизнинг айтган гапларини ҳамда энг муҳими, Унинг ўликлардан биринчи бўлиб тирилишини ана шу шогирдлар кўриши керак эди. Раббимизнинг бахтли шогирдлари мана шу айтганларимизнинг барчасини ўз кўзлари билан кўришди, гувоҳ бўлишди. Азизлар, шунинг учун ҳам Раббимизнинг шогирдлари томонидан битилган барча китоблар айни ҳақиқатдир.
Раббимиз Исо Масиҳ ўликлардан тирилганидан кейин Павлусни ҳам Ўзи учун танлаб олди. Исо Масиҳ Павлусни айнан фарзийлар орасида ишлатмоқчи эди. Худованд ҳаворий Павлусга ҳам ва Раббимизнинг бошқа шогирдларига ҳам Хушхабарни бутун дунёга тарқатишларини амр қилиб берган эди. Азиз радио тингловчи биродарлар, айнан шу амр бугунги кунда менга ҳам, ва сиз азиз радио тингловчи биродарларимга ҳам тегишлидир. Шунинг учун ҳам барча ҳаворийларнинг ҳаётлари ўзига яраша ажойиб ва қизиқарли кечди. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, Худованд учун, Унинг номини улуғлаш учун хизмат қилган ва ҳаракат қилган ҳар бир биродарнинг ҳаёти шундай кечади. Тўғри, баъзи муаммолар ҳам бўлади, лекин барчасини енгиб ўтиш ва яна йўлда давом этиш -масиҳийлик ҳаётини янада ўзига яраша безаб боради.
Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида нимаики билсак, барчаси Раббимизнинг ўн икки шогирди орқали бизгача етиб келди.Шунинг учун ҳам айтишимиз мумкинки, ҳаворий Павлус тўғри гапирган, яъни жамоатлар ҳаворийларнинг таълимоти асосида қурилиб келмоқда, деб. Азизлар, шу жойда ҳаворий Павлуснинг гапларини тасдиқлайдиган бир оятни келтириб ўтсам янада ишончлироқ бўлар эди. Ушбу оят Эфесликларга мактубининг 2 боби 20 оятида келтириб ўтилган. Келинг азиз тингловчи, биргаликда ўқиб кўрамиз: “Сизлар ҳам ҳаворийлару пайғамбарлар солган пойдеворга асосан бино бўлгансизлар. Бинонинг негиз тоши эса Исо Масиҳнинг Ўзи”. Ҳаворийларнинг барча айтганларини Раббимиз ҳақидаги айтилган барча ваҳийларнинг охири, деб қабул қилишимиз мумкин.
Чунки Каломни ҳеч ким ўзгартира олмайди, ёки ҳеч ким Раббимиз ҳақида каломдагидан ташқари гапларни айтишга ҳаққи йўқ. Барча ҳақиқат Муқаддас китобда тўлиқлигича келтириб қўйилган. Каломни ўқиган вақтимиздагина Исо Масиҳни кимлигини аста-секин тушуниб борамиз. Ҳурматли радио тингловчи, бугунги кунда барча масиҳийлар Раббимизнинг севимли шогирдлари ҳисобланади. Ўйлайманки, буюк Раббимизга шогирд бўлиб Унга хизмат қилишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Азизлар, Худованд барчамизни янада марҳаматласин, деб бугунги эшиттиришимизни якунлаймиз. Ҳозир эса азизлар, мен сизга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим. Манзилимиз: dilkash@najot.com Ўз фикр ва мулоҳазаларингизни албатта бизга ёзиб юборинг. Ҳозирча хайр, саломат бўлинг.