3:14

Уй гуруҳлари 91

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Яна сизлар билан радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга шон-шарафлар бўлсин. Эфирда “Дилкаш” радиоси, марҳамат, тингланг. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, яна кичик уй жамоатлари гуруҳлари ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Азиз биродарлар, бугун сизлар билан кичик уй жамоатларининг мақсадлари ҳақида суҳбатлашмоқчи эдим. Ўтган эшиттиришларимизда суҳбатлашганимиздек, бутун жамоатларнинг эгаси бу Раббимиз Исо Масиҳдир. Худди шунинг учун ҳам жамоатларнинг бош эгасининг барча жамоатлар учун учта асосий мақсадлари бор.

Келинг азиз биродарлар, яхшиси шу мақсадлар ҳақида қўйидаги оятларни биргаликда ўқиб билиб оламиз. Албатта, ҳар бир жамоат ва жамоат аъзоларининг биринчи мақсади — бу Худовандни улуғлашдир. 1 Коринфияликларга мактубининг 10 боби 31 оятидан шуни ўқиб оламиз: “Шундай қилиб ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилинглар”. Азиз биродарлар, жамоатдаги ҳар бир инсон, яъни биродар Худовандни улуғлаш учун ўз хиссасини қўшиши керак. Худони улуғлаш деганимизда, бизнинг кўз ўнгимизда қўшиқ куйлаш, воизлик, турли қизиқарли суҳбатлар пайдо бўлади.

Худони улуғлаш эса фақатгина шулардан иборат эмас. Ҳар бир биродар ўзининг олиб бораётган хизмати орқали ҳам Худовандни улуғлаши мумкин. Раббимизнинг иккинчи мақсади, ҳар бир жамоатнинг обод бўлишидир. Ҳаворий Павлус Эфесликларга мактубининг 4 боби 11 ва 13 оятлари орқали шуларни айтган эди: “Шу йўсинда имонлилар хизматга керак бўладиган таъминотни оладилар ва Масиҳнинг уммати обод бўла боради. Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худо Ўғлини таниб биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз”. Азиз биродарлар, учинчи асосий мақсад эса, Худованд ҳақида бошқаларга хабар етқазишимизни хоҳлайди.

1 Бутрус 2 боб 9 оятда бизнинг кимлигимиз ҳақида яққол ёзиб ўтилган: “Худо сизларни қоронғуликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар.” Азиз биродарлар, бундан ташқари эса, Раббимиз самога Ўз Отасининг олдига кўтарилиши олдидан барчамизга асосий мақсади ҳақида айтган эди. Яъни барча халқларга Хушхабар етқазишимиз кераклиги ҳақида .Ўйлайманки, мана шу мақсад учун барча имонли биродарлар ҳаракат қилмоғимиз керак. Ҳурматли биродарлар, мана шу Раббимизнинг учта асосий мақсади мен ва сиз орқали амалга ошиши керак. Келинг, биргаликда шу мақсадларни амалга оширамиз.

Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top