Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бизга маълумки, кичик уй жамоатлари ўз уйларида тез-тез йиғилиб турадиган биродарлардан иборат. Улар тўпланганларида асосан нималар билан шуғулланиши керак? Биринчидан, Худони улуғлаш учун бўлса; иккинчидан, Муқаддас Каломдан биргаликда ўқиш, бир-бирларини руҳлантириб биргаликда ибодат қилиш учун тўпланишади. Кичик уй гуруҳидаги асосий биродарларни қариндошлар, дўстлар, қўни- қўшнилар ташкил қилишади.
Шунинг учун ҳам биродарлар гуруҳларда ўзларини эркин ҳис этишлари мумкин. Бундан ташқари эркаклар ўзларига яраша турли учрашувлар ташкил қилишлари мумкин. Ўз ўрнида аёллар ҳам биргаликда гап ёки шунга ўхшаш турли учрашувларни ташкил қилишлари мумкин. Бундай деб айтишимизнинг сабаби, бизнинг халқимиз шунга ўхшаш учрашувларни жон деб қабул қилишлари мумкин. Бу эса ўз навбатида кўпроқ Хушхабар тарқатишга имкон беради. Ҳар бир уй гуруҳлари имкон қадар бошқа гуруҳлар билан дўстлашишлари яхши натижа бериши мумкин. Масалан, байрамларда ёки турли хил маросимларни биргаликда ўтқазиш биродарларни янада яқинлаштиради.
Бундай учрашувлардан сўнг эса биродарлар ўзларини ёлғиз ҳис қилишмайди. Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг Матто китобининг 28 боби 19 ва 20 оятларида айтганлари ёдингизда бўлса керак. Жумладан Раббимиз шундай деган эди: “ Бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни сувга чўмдириб, имонга киритинглар. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар”. Албатта ҳар бир катта жамоатлар ва кичик уй гуруҳларининг мақсадлари — Худони улуғлаш ва Раббимизнинг охирги буйруғини амалга оширишдир. Раббимизнинг охирги буйруқларидан бири — бу Хушхабар тарқатишдир. Ҳар бир уй гуруҳлари мана шу буйруқни қандай амалга оширяпти? Буни жамоатнинг келтираётган ҳосилидан билиш мумкин.
Азиз биродарлар, кичик уй гуруҳларини табий равишда кўпайиб бориши мақсадга мувофиқдир. Бу эса Хушхабар тарқалиши орқали ҳосил бўлади. Ҳозирги кунда айрим гуруҳларнинг ташкил бўлиши сал бошқачароқ бўляпти десак хато бўлмайди. Яъни бошқа бир жамоатдан турли сабабларга кўра кетиб қолган биродарлар келиб бошқа гуруҳларга қўшилиши ёки бир неча шундай биродарларнинг биргаликда тўпланиши яна битта гуруҳ, деб айтиляпти. Аслида эса гуруҳларни янги биродарлар орқали ташкил қилишимиз керак. Янги биродарлар деганимизда, Хушхабар эшитиб тавба қилиш орқали гуруҳга келиб қўшилган биродарларни назарда тутяпмиз. Азизлар, шунинг билан эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.najot.com хайр саломат бўлинг.