Ассалому алайкум. Одам териси, хоҳ у аёл хоҳ эркак бўлсин, парваришлаб бўлади. Хўш, уни тўғри парваришлаш учун нима қилиш керак? Одам танаси сувдан иборат. Тери худди кўза каби сув резервуари вазифасини бажаради. Аммо бўзчи белбоққа ёлчимас, деганларидек, ташналикдан қуриб, ғадир-будурлашади. Чунки ҳар куни тери орқали 110-220 мл сув буғланади. Шу ўринда бунинг ўрнини тўлдириш учун кўп сув ичиш керак эмасми, деган савол туғилади. Агар саломатликка акс таъсири бўлмаса, кунига икки литр суюқлик – сув, чой, шарбат кабиларни ичиш мумкин. Айниқса, цитрус меваси шарбати фойдали. Чунки унда терини мустаҳкамловчи С витамини, коллагенларни қўзғатувчи микроорганизмлар мавжуд. Кўп суюқлик сув захирасини тўлдириши мумкин, аммо юмшоқ ва мулойим терига кафолат бера олмайди. Ванна ёки душ қабул қилгандан сўнг тери бардам ва тетик кўринишга эга бўлади. Чунки терининг усти қавати фаол равишда сувга тўйинади, аммо сув тери қаватларига чуқур кириб бормайди, шу сабаб 10 дақиқадан сўнг у қуриб қолади.
Тери намликни сақловчи табиий механизмга, яъни ўзига хос ҳимояга эга. Аммо вақти-вақти билан ҳимояловчи ушбу қават бузилади ва тери шу вақтнинг ўзида намликни сақлаш хусусиятини йўқотади. Теридаги умумий сув захираси миқдори 10 фоизга камайиши билан у қурий бошлайди. Бундан ташқари, жуда иссиқ ва совуқ ҳаво, намликнинг пасайиши, терининг тез-тез сув, тозаловчи аралашма ёки ювиш воситаси билан муносабатга киришиши липид қават фаолиятини бузади. Аммо тери қуришига бошқа бир қатор сабаблар ҳам бор. 1) ирсий ва генетик; 2) ёш улғайиши билан терининг ҳимояланувчи механизми кучсизланиши оқибати; 3) бассейн суви; 4) қалқонсимон безлар патологияси шулар жумласидандир. Бундай ҳолатларда эндокринолог маслаҳати жуда зарур. Анемия ҳолатида, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида, қуёш остида кўп юриш таъсирида, семиришга қарши дори ичганда тери қуриши кузатилади. Чунки ортиқча вазнга қарши дорилар танадан сувни ҳайдаб чиқаради. Ҳамма аёлларни қандай қилиб, тери намлигини сақлаб қолиш мумкин, деган савол қизиқтиради. Бунинг учун дерматологларнинг қуйидаги маслаҳатларига амал қилишингиз керак бўлади.
Фақат илиқ сувда ювиниш, душ қабул қилиш терининг намланишига ёрдам беради. Иссиқ сув эса тери қуришини кучайтиради.
Ҳар доим юмшоқ тозаловчи воситалардан фойдаланинг. Хушбўйлаштирилгани терига акс таъсир кўрсатиб, зарарлаши мумкин. Гель ҳам тери қуришига олиб келади. Шу сабаб, яхшиси, суюқ совундан фойдаланган маъқул. Аммо тана парваришида ювиниш воситаси сифатида кучли кўпикланувчи воситадан фойдаланманг. У қанча кўп кўпикланса, шунча терини қуруқшатиб қўяди. Бундай воситадан уч дақиқа фойдаланиш, терининг органик кислоталардан ҳимоя қатламини тозалаб, тиклаб олиши учун уч соат вақт сарфлашга тўғри келади. Ювиниб чиққандан сўнг, имкони борича, тери ўзи қуриши лозим. Сочиқ ёрдамида терини обдон артиб, қуритиш ярамайди. Белдан то товонгача зайтун ёғи ёки болалар учун мўлжалланган бирорта мой суриш керак. Агар терингиз меъёрий даражада бўлса, у ҳолда ювиниб чиққандан сўнг бадан учун махсус «молочко»дан фойдаланинг. Сауна ёки буғ хонасидан чиққандан сўнг эса бирмунча ёғли, крем кўринишидаги молочколардан фойдаланган маъқул.