Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Азизлар, сиз ҳеч Худонинг Буюклиги ҳақида ўйлайсизми? Бирмунча вақтлардан бери кўпчилик имонлилар Худонинг буюкли тушунчасини йўқотиб қўйишган. Жамоат Худо ҳақидаги ўзининг бир пайтлардаги юксак тасаввуридан воз кечди. Уни Раббимиз ҳақида фикр юритадиган, Унга итоатда бўлган имонлиларга нолойиқ тарздаги тубан ва бемаъни тасаввурга алмаштирди. Жамоат бу ишга ёмон ўй-фикрда қўл ургани йўқ, балки ўзи ҳам билмаган ҳолда, аста-секинлик билан, қадамма-қадам қилди. Бу нарсани жамоатнинг ўзи ҳам тушуниб етмаганлиги сабабли, унинг аҳволи борган сари фожеали бўлиб бормоқда. Деярли ҳамма ердаги масиҳийларга хос бўлган Худо тўғрисида чекли равишда фикрлаш хусусияти — бир қарашда
сезилмайдиган кўпгина иллатларнинг сабабчиси ҳисобланади.
Масиҳийлик ҳаётидаги бутун бир янгича фалсафа — Худо ҳақидаги фикрлашларимизнинг ана шу хатоси натижасидир. Ўзимиздаги Худонинг буюклиги туйғусини йўқотган бир пайтда, биз имондаги хайр-баракамиздан ҳам, Худонинг иштирокини сеза билиш туйғусидан ҳам маҳрум бўлганмиз. Бизнинг Худога бўлган итоатимиз кўтаринки руҳда бўлмай қолди ва шу сабабли, Худо билан ибодатдаги сокин вақтда учрашиш учун руҳан эътиборни бир жойга тўплаш қобилиятини йўқотиб қўйдик. Ҳозирги кун масиҳийлиги ўзларида Муқаддас Руҳдаги ҳаётни сеза оладиган ва қадрлайдиган масиҳийларни юзага келишига имкон бермайди. Қириқ бешинчи санода ёзилганидек «Тўхтанг, билингки, Мен — Худоман» (Сано 45:11) деган сўзлар ХХ асрда яшаётган, ўзига ишонган ва бетартиблик ботқоғига ботган имонли учун ҳеч қандай маъно касб этмайди.
Худонинг буюклиги тўғрисидаги тушунча эътиқод жуда кўп нарсага эришган, жамоатлар эса сўнгги бир неча юз йилларга қараганда янада гуллаб-яшнаган бир пайтда қўлдан бой берилган эди. Бироқ бизнинг ютуқларимиз асосан ташқи, талофатларимиз эса тўлалигича ички эканлиги бизни ташвишга солади. Айнан ички ҳолат имонимиз сифатига таъсир кўрсатишини ҳисобга оладиган бўлсак, у ҳолда ютуқларимиз янада тарқалиб бораётган талофатларимиздан кам эмас. Руҳий талофатлар ўрнини тўлдиришнинг ягона усули
— бу юзага келган ҳолатнинг сабабини тушуниб етиш ва ҳақиқатни тиклаган ҳолда йўл қўйилган хатоларни бартараф этишдир. Бизнинг кулфатларимиз муқаддаслик тўғрисидаги тушунчани йўқотиб қўйганимиздан келиб чиқаяпти.
Даво топиш учун эса узоқ йўл босишимиз керак. Ана шу йўлда биз ўзимиз
учун Худо буюклиги туйғусини қайтадан яна кашф этишимиз мумкин. То Худо ҳақидаги тушунчамиз хато ва ҳақиқатга зид экан, аҳлоқимиз шаклланмайди ва қарашларимиз тўғирланмайди. Агар ўз ҳаётимизга руҳий куч-қудратни
қайтаришни истасак, у ҳолда тасаввурларимиз билан яратилган Худо тимсоли ҳақиқатан ҳам бор бўлган Худога имкон қадар кўпроқ ўхшаши учун ҳаракат қилишимиз керак. Бу ҳақиқат. Худо бутун оламдаги буюк ва қудратли Зотдир. Азизлар, келаси сафар ушбу мавзуда яна тўхталиб ўтамиз. Бордию менга фикр мулоҳазаларингизни билдириш истагида бўлсангиз, dilkash@najot.com электрон манзилидан ёки бўлмаса www.najot.com сайтидан фойдаланинг. Хайир азизлар, Худойим сизларни Ўз панохида асрасин.