Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Худонинг буюклиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Худо ҳақида тўғри тушунча юритиш нафақат мунтазам
теологиянинг, балки амалдаги масиҳий ҳаётнинг ҳам негизини ташкил қилади. Бизнинг итоат қилишимиз учун ҳам бу нарса маъбад пойдевори каби аҳамиятга эгадир. Агар пойдевор нотўғри ёки нотекис қўйилган бўлса, у ҳолда бир кун келиб
маъбад албатта қулаб тушади. Худога муносиб бўлмаган тасаввурлар ёҳуд амалга ошмаган фикрлар натижаси сифатида тушунтириш мумкин бўлмаган Жамоат ақидасини инкор қилиш ёки масиҳийлик этикаси мезонларини бузишдек ҳоллар камдан-кам учрайди. Менимча, бугунги кунда, ХХ асрда ҳукм сураётган Худо
ҳақидаги тушунчалар Тангри учун бутунлай нолойиқдир ва ўзини имонли деб атайдиган кишилар учун эса қандайдир маънавий фожеага айланиб қолган.
Агарда, ҳатто самовий ва дунёвий муаммоларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида елкамизга келиб тушса ҳам, бу муаммо биз Худо ҳақида ўйлаб, «У борми? У қанақа? Ва биз, аҳлоққа эга бўлган мавжудотлар Унга нисбатан ўзимизни қандай тутишимиз
керак?» каби саволлар исканжасида қолган пайтимизда қаршимизда юзага келадиган буюк муаммо олдида ҳеч нарса бўлиб қолади. Худо ҳақида тўғри тушунчага эга бўлган киши, минглаб ўткинчи муаммолардан озод бўлади, чунки агар бу муаммолар безовта қила бошласа-да, узоққа чўзилмаслигини у дарҳол англаб етади. Бироқ агарда бу киши бир лаҳзалик муаммолар юкини ўзидан ағдариб ташласа ҳам, абадийликнинг оғир юки уни бу дунёнинг жамики кулфатларига қараганда янада кучлироқ эза бошлайди. Бу оғир юк — инсоннинг Худо олдидаги бурчидир. Бу бурч эса ўз навбатида Худони бутун ақлимиз ва юрагимиз билан севиш, Унга тўла-тўкис итоатда бўлиш ва Унга чин дилдан хизмат қилишдек умримиз охиригача биз билан бирга бўладиган ҳар дақиқалик вазифадан иборатдир.
Уйғоқ инсон виждони инсонга унинг бу вазифаларни адо этмаганини ва аксинча,
болалигидан Само улуғворлигига қарши чиққанини айтган пайтда эса, руҳан ўз-ўзини ҳукм қилиш юки янада чидаб бўлмас даражада оғирлашади. Хушхабар бизни бу оғир юкдан ҳалос этиши, кул ўрнига гўзаллик бериши, ғамгинлик ўрнига шон-шуҳрат либосини кийдириши мумкин. Бироқ инсон бу оғир юкни ҳис қилмас экан, Хушхабар бу кабилар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолади. Шунингдек, инсон Худони баланд Самода кўрмас экан, унинг учун на ғам-ташвиш, на оғир юк бўлади. Худога паст назар билан қараш, бундай нуқтаи-назардаги одамларни Хушхабардан маҳрум қилади. Инсон юрагига хос бўлган гуноҳлар ичида бутга
сиғинишдек Худо учун энг жирканчли гуноҳдан оғирроғи топилмаса керак. Чунки бутга сиғиниш — бу Худо шахсига нисбатан қилинган бўҳтондир. Бутга сиғинувчининг юраги Худонинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади, бунинг ўзи эса
даҳшатли гуноҳдир ва ҳақиқий Худони бутга сиғинувчининг ўзига ўхшаш бўлган мавжудот билан алмаштиради. Бундай худо ҳар доим ўзининг «яратувчиси» тимсолига мувофиқ тарзда бўлади. Бундай худо уни яратган киши ақл-идрокининг
маънавий ҳолатига боғлиқ равишда тубан ёки улуғвор, бешафқат
ёки раҳмдил бўлиши мумкин. Азизлар, бордию сизда ҳам бу масалада бирон бир фикр ёки савол бўлса, dilkash@najot.com электрон манзилидан фойдаланинг ёки www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Хайир, омон бўлинг азизлар.