3:30

Мактубдаги ибодат эҳтиёжи

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, ибодат қилиш ажойиб ишдир. Ибодатга нафақат биз, балки хазрати Исо Масиҳ ҳам мухтож бўлган. Ўзининг илоҳийлигига қарамасдан, у доим Отасига ибодат қилган. Ҳар бир ишда У Отасига мурожаат қилган. Ўз ўрнида Раббимиз ҳам бизга ибодат қилинглар деб айтган. Бир бирларингиз учун доим ибодатда бўлинглар деб амр берганлар. Яқинда, бизнинг электрон манзилга бир мактуб келганди. Ушбу мактубда бизнинг опамиз ва акамиз ўзларининг ибодат эхтиёжларини билдирибтилар. Афсус уларнинг ҳавфсизликлари мақсадида ҳақиқий исмларини , эфир орқали тилга олмайман. Келинг, уларни ака ва опа деб атаймиз. Гап шундаки, ушбу оила катта қийинчиликлардан ўтган оиладир. Лекин ушбу оила қанча қийинчиликларга дуч келмасин, улар Раббимизга бўлган имонда маҳкам туришяпти. Келинг, уларнинг оиласи ҳақида бироз гапириб ўтсам.

Уларнинг оиласи каттагина. Уларнинг уч қизи ва икки ўғли бор. Ака ва опамизнинг кўзлари ожиз бўлгани учун, уларнинг фарзандлари ҳам шу камчилик билан дунёга келган. Болаларнинг ушбу туғма касаллигига эга бўлганликлари сабабли, учта қизларини операция қилдиришган. Катта қизларининг кўриши яхшиланди. Уларнинг қолган икки қизи эса хозирда махсус кўзи ожизлар мактаб интернатида таълим олишмоқда. Улар жуда ақлли болалар. Ушбу ака опа, мактубда уларнинг аҳволи яхшиланиши учун дуо қилишимизни илтимос қилганлар. Улар билан дўст бўладиган ва бирга ҳизмат қилиш учун танишлар ортириш учун ёрдам сўраганлар. Азизлар, бугунги ибодатни айнан шу оила учун бағишлашни мақсад қилдик. Менинг ибодатимга шерик бўласиз деган умиддаман, чунки, бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Мен ибодатимни бошлайман:

Осмондаги Отажон, Сенинг севгинг чексиздир! Сен ўз севгингни хазрати Исо Масиҳ орқали исботлаб бердинг. Сен бизни нафақат гуноҳ жаридан чиқариб олдинг, балки, бизни ўзинга фарзанд қилиб олдинг. Бизга йўл очиш Сен Муқаддасга анча қимматга тушди. Аҳир, Сенинг азизинг Исо Масиҳ калтакланди, ҳақоратланди ва оҳирида хочга михланиб ўлдирилди. Ҳа Отажон, У бизнинг ноқонунсизликларимиз учун ўлди. Лекин Сен буюк Зотсан, Сен ўлим устидан ҳам ғалаба қозондинг. Масиҳ ўликлар диёридан қайта тирилиб бизларга зоҳир бўлиб Сенинг ўнг томонингдан жой олди. Худойим, Сен билан бирга бўлиш ажойибдир. Отажон, бугун биз биродаримиз бўлмиш бир акамиз ва опамиз учун, шу йўсин ушбу азиз фарзандларингнинг оиласи учун ибодат қилмоқчимиз. Отажон, уларнинг оиласига ўзинг ёрдам бер. Ушбу ажойиб оила ўзининг жисмоний ожизлигига қарамасдан, Сен азиз Худога бўлган хизмати ва севгиси билан оламни ларзага солсин. Улар ушбу қоронғу дунёда сенинг нуринг сифатида хизмат қилишсин. Отажон, уларнинг ҳаётини ўзинг енгиллаштиргин. Фарзандларининг кўзларини очгин. Улар ўзларини ёлғиз хис этишмасин. Сен уларни ташлаб қўймаслик ҳақида берган ваъдангни улар ҳеч қачон эсдан чиқармасин. Уларга ҳам моддий ҳам руҳий ёрдам бергин. Уларга дўстларни, имонда ўсишда кўмак берадиган таниш биродарларни жўнатгин. Уларни Ўзинг мархаматлаб баракалагин Отажон. Сенинг муқаддас исминг улар учун доим муқаддас бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг. Хайир, омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top