3:33

Муқаддас ҳаётга ундаш

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, кўпинча биз муқаддас ҳаёт ҳақида эшитамиз. Имонли ака укалар ва опа сингиллар бу ҳақда гапиришни хуш кўрадилар. Лекин муқаддас ҳаёт кечириш нима дегани? Келинг, бу саволга жавоб олиш учун Муқаддас Каломга назар ташлаймиз. Солоникаликларга иккинчи мактубнинг 4чи бобида қуйидаги оятлар битилган. “Худонинг иродаси шу: муқаддас бўлинглар, зинодан ўзингизни сақланглар. Ҳар бир одам ўз хотинини эплаб, муқаддас ва иффатли сақласин.  Худони танимаган халқлар каби шаҳвоний ҳирсга берилманглар. Бу хусусда ҳеч ким биродарига фириб бериб, ноҳақлик қилмасин. Олдиндан сизларга айтиб, огоҳлантирганимиздек, ҳамма бу ишлар учун Худо қасос олади. Чунки Худо бизларни нопокликка эмас, балки муқаддасликка чақирган. Демак, бу қоидани рад этган киши инсонни эмас, балки сизга Муқаддас Руҳни берган Худони рад этган бўлади… Биродарлар, биз сизларга: осойишта яшаш, шахсий ишларингиз билан машғул бўлиш, ҳалол ишлашга жон куйдиринглар, деб буюрган эдик.

Яна ҳеч кимга муҳтож бўлмасдан, бошқа одамларнинг кўзи олдида одоб билан яшанглар. (1 Сол 4:3-12). Азизлар, кўриб турганингиздек муқаддас ҳаёт кечиришнинг иложиси бор. Агар сиз хазрати Исо Масиҳни Раббим ва Нажоткорим деб ҳаётингизга таклиф этган бўлсангиз, бунинг иложиси албатта бўлади. Чунки Раббимизнинг Ўзи сизларга истакни ҳам харакатни ҳам беради. Бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга бағишламоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки биргаликда айтилган ибодат катта кучга эга. Осмондаги Отажон, Сен ажойиб Худосан, Сени Ота деб чақиришдан фаҳрланаман. Отажон, Сен бизни фарзандинг деб қабул қилдинг. Лекин Сен муқаддас Зотсан, биз эса гуноҳ табиятига эга бўлиб гуноҳга ботган одамлармиз. Лекин шунга қарамасдан, Сен бизни шу қадар севдингки, хатто хазрати Исо Масиҳни биз учун қурбон қилдинг. У бизни Сен билан яраштирди. Худойим, шундай экан, биз ҳам энди муқаддас бўлишга имкон туғилди. Биз ҳам энди муқаддас ҳаёт кечишимиз мумкин бўлди. Отажон, бизларга муқаддас бўлишни ўргат, аҳир Муқаддас Руҳинг ичимизни тўлдирди. Борлиғимиз, вужудимиз энди Сен муқаддасга тегишлидир. Худойим, муқаддас танамизни зинодан асрашга ёрдам бер. Ҳар биримиз ўз хотинларимизни эплаб, муқаддас ва иффатли сақлайлик. Худони танимаган халқлар каби шаҳвоний ҳирсга берилишдан Ўзинг асрагин. Отажон, Сенинг қасосинг нақадар дахшатлидир. Қасосинга йўлиқишдан Ўзинг бизни асрагин. Аҳир сен бизни нопокликка эмас, аксинча муқаддасликка чақиргансан. Бу қоидани рад этганларни орасида бўлмайлик. Аксинча, Сенинг муқаддас битикларингни юрагимизга жо қилайлик. Бу хаётда Сенга хизмат қилар эканмиз, Сенга чин юракдан, ва севгига тўла юрак билан хизмат қилишни ўргат. Бизга халол пул топишга, топга пулимизни донолик билан сарфлашга Ўзинг ёрдам бер. Қаерда бўлмайлик, нима қилмайлик бошқа одамларнинг кўзи олдида одоб билан яшайлик. Сен бизнинг Буюк Худойимизсан, демак Сен бизга ёрдам беришинга умид боғлаймиз. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top