Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, ибодат хаётингизда қандай ўринни эгаллайди? Афсус, кўпчилик ибодатга унчалик ахамият бермайди. Унга бўлган муҳимликни сезмай имонда маҳкам бўлишга харакат қиладилар. Лекин бир нарсани эсдан чиқармаслик керак, у ҳам бўлса Раббимизнинг ибодатга бўлган мухтожлиги. У ҳам Ўзининг илоҳийлигига қарамай, доим Отамизга ибодат қилган. Нафақат ибодат қилиб келмай, бизни ҳам ибодатга ўргатган. Нафақат ибодат қилишга, балки, бир-биримиз учун ҳам ибодат қилишни айтиб ўтган. Ха азиз дўстим, биз биродарлар бир тананинг узвларимиз. Биз доим бирга бўлибгина қолмай, бир биримиз учун доим ибодатда бўлишимиз керак. Келинг, Муқаддас Калом бу ҳақда нима дейишини кўриб чиқсак. Солоникаликларга иккинчи мактубнинг учинчи бобида қуйидаги оятлар битилган. “Хуллас, эй биродарлар, Раббимиз каломи худди сизларда бўлгани сингари, бизнинг орамизда ҳам тез ёйилиши ва улуғланиши учун ибодат қилинглар.
Бузуқ ва ёвуз одамлардан қутулишимиз учун ҳам ибодат қилинглар; чунки ҳамма ҳам имонли эмас. Раббимиз эса ишончлидир. У сизларни қўллаб-қувватлаб, ёвуз шайтондан сақлаб қолади. Биз буюрган нарсаларни бажо келтираётганингизга ва яна бажо келтиришингизга, Раббимиз ҳақи, аминмиз. Раббимиз Исо Масиҳ юракларингизни Худонинг меҳр-муҳаббати ва Ўзининг сабр-бардошига йўналтирсин.” (2Сол 3:1-5). Азизлар, кўриб турганингиздек, хатто хаворийлар ҳам ибодатга мухтож бўлиб яшаб хизмат қилишган. Бизчи, биз ҳам бир биримизга бўлган далдага ва ибодатга мухтожмизми? Менимча жавоб “Ха” бўлса керак деб ўйлайман. Чунки биз бир ойиланинг фарзандларимиз. Бизнинг Отамиз ҳам Руҳимиз ҳам бир. Шундай экан, биз доим бир-бирларимиз учун ибодат қилишимиз, керак бўлганида рўза тутиб ибодатга шўнғишимиз керак бўлади.
Азизлар, бугунги ибодатни мен айнан шу мавзуга, яъни, бир бирларимиз учун ибодат қилиш мавзусига қаратмоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки биргаликда айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги Отажон, Сен билан бирга хаёт кечириш нақадар ажойибдир! Сенга фарзанд бўлиб, Сени Отажон деб чақириш хаммага ҳам насиб этмаган. Худойим, биз фарзандларинг, Сенинг ойланга мансубмиз. Биз кўпчилик бўлишимизга қарамасдан бир танани ташкил этамиз. Шундай экан, бизга бир бирларимиз учун ибодат қилишни ўргат. Бир биримизга далда бериб яшашни Ўзинг бизга ўргатиб боргин. Раббимиз Исо Масиҳ ўз шогирдлари ва издошлари учун қандай қайғ уриб ибодат қилган бўлса, биз ҳам худди шундай тарзда бир бирларимиз учун ибодатда бўлайлик. Бир биримизга ёрдам беришдан қочмайлик. Аксинча, бир биримизга бўлган дуоларнию ибодатларни катта хурсандчилик ва севги билан амалга оширайлик. Худойим, Сен билан иложисиз ишнинг ўзи йўқ. Сен бор экансан, демак, буларнинг хаммасининг иложиси бор. Сенинг исминг биз учун доим муқаддас бўлсин. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.