3:27

Ҳушёр бўлиб туриш ҳақида

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, Худонинг Шоҳлиги яқин деган иборани бир неча бор эшитган бўлсангиз керак. Худонинг Шоҳлиги бу янги дунёнинг яратилишидир. Бир кунмас бир кун, Раббимиз ерга қайтиб келадилар. Шунда Раббимиз қўйларни эчкилардан ажратадилар. Ҳа, бу жуда ҳавотирлантирувчи воқея бўлса керак деб ўйлайман. Раббимиз ҳам ўша кун ҳақида бир неча бор айтиб ўтганлар. Келинг, шу ҳақдаги оятлари кўриб чиқсак. Луқо хушхабаридаги 21чи бобда қуйидаги оятлар битилган.

“Исо уларга бир масални айтиб берди: «Анжир дарахтига ва дарахтнинг бошқа турларига қаранглар: улар япроқ ёзаётганини кўриб, ёз келиб қолганини ўзингиз ҳам англайсиз. Худди шунга ўхшаб, бояги ишларнинг содир бўлаётганини кўрганингизда билингки, Худонинг Шоҳлиги жуда яқиндир. Сизларга чинини айтайин, бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлажак.

Еру осмон битар, лекин Менинг сўзларим битмас. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Айш қилиб, кайф суриб, ҳаётнинг ташвишлари остида бўғилиб, юракларингизни ёғ босмасин, тағин у кун ногаҳон бошга тушиб сизни тўрга илинтирмасин! Чунки у кун ер юзида яшовчи ҳар бир кишини босиб олажак. Шу сабабдан доим ҳушёр бўлинглар. Юз бергувчи бу мусибатлардан омон қолишга куч топиб, Инсон Ўғли олдида туришга муносиб бўлмоқ учун доимо ибодат қилинглар». Исо кундузи маъбадда таълим берар, тунларини эса шаҳардан чиқиб, Зайтун тоғида ўтказар эди. Барча халқ Исони тингламоқ учун эрталабдан маъбадга, Унинг ҳузурига оқиб келар эди”.(Луқо 21:29-36). Азизлар, биз имонлилар бу кунга хушёр бўлиб туришимиз керак. Бу кун имонлилар учун жуда мухим, қолаверса дунёнинг барча одамлари учун муҳимдир. Чунки бу кун охирзамон кунидир. Азизлар, бугунги ибодатимни айнан шу мавзуга қаратишни моил топдим. Айнан хушёр бўлишимиз учун ибодат қилмоқчиман. Истасангиз ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта кучга эгадир. Осмондаги Отажон, бизни севганинг ажойибдир.

Сен бизни гуноҳ бозоридан қиммат баҳога сотиб олдинг. Бизга бўлган севгинг гуноҳ кишанларини узиб ташлади. Худойим, биз Шоҳлигингни келишига тайёр қилгин. Ўзимизни эҳтиёт қилишни бизга ўргат. Айш қилиб, кайф суриб, ҳаётнинг ташвишлари остида бўғилиб, юракларимизни ёғ босмасин, тағин у кун ногаҳон бошга тушиб бизни тўрга илинтириб қўймасин. Гуноҳкорлар учун қўрқинчли имонлилар учун хурсандчилик ато этадиган ушбу кунга бизни тайёр қилгин. Ерга қайтиб келганингда бошимизни кўтариб турайлик. Худойим, бизни шу қадар содиқ хизматчиларинг қилиб тайёрлагингки биз билан фахрлангин. Нажот тожини кийиш мақсадида Сен муқаддасга бор кучимиз билан хизмат қилиб Сен томон чопайлик. Худойим, ушбу ёвузликка тўла дунёда биз билан бирга бўлгин. Қийинчиликлардан ўтишимизга Ўзинг ёрдам бер. Йиқилганимизда ўрнимиздан туришга ёрдам бер, чангимизни қоқиб югуришда давом этайлик. Худойим, Сенинг исминг сўнги нафасимизгача муқаддас бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top