3:13

Муттасил ибодат ҳақида

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, кўпинча бирон бир эҳтиёж учун ибодат қиламиз. Лекин маълум бир вақт ўтганидан сўнг, ибодатларимизга жавоб олмай юрагимиз ғашт бўлишни бошлайди. Нима учун Худо ибодатларимга жавоб бермаяпти дея ўзимизга савол беришни бошлаймиз. Бу нарса шаҳсан менда ҳам илгари бўлиб турар эди. Келинг, ундан кўраси Раббимиз ибодат ҳақида нима деганини кўриб чиқсак. Луқо хушхабарининг 18чи бобида қуйидаги оятларни кўриш мумкин. “Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш кераклиги ҳақида масал айтиб берди: «Бир шаҳарда Худодан ҳам қўрқмайдиган, одамдан ҳам уялмайдиган бир қози бор экан. Ўша шаҳарда бир тул аёл ҳам яшар экан. У қозининг олдига доим келиб: – Мени рақибимдан ҳимоя қилинг, – деб ўтиниб юрибди. 

Қози анча вақтгача эътибор бермас экан. Охирида у ўзи-ўзига: – Мен Худодан қўрқмайман, одамдан ҳам уялмайман. Бироқ майли, бу тул аёл менга тинчлик бермаётгани учун, уни ҳимоя қила қолай. Бўлмаса у келавериб, жонимдан безор қилади, – дебди. Эшитяпсизми, инсофсиз қози нима дебди, – давом этди Раббимиз Исо. – Наҳотки Худо Ўзига кечаю кундуз фарёд қилаётган Ўз танлаганларини ҳимоя қилмаса, наҳотки уларни кўп куттириб қўйса? Сизларга айтаманки, уларни кўп ўтмай ҳимоя қилади.» (Луқо 18:1-7). Азизлар, кўриб турганингиздек, Раббимиз бу муаммони аллақачон хал этиб бўлган. Бугун мен айнан ибодат қилишимиз учун, аниқроғи, муттасил ибодатларимиз мавзусига диққатингизни қаратмоқчиман.

Бунинг учун ибодат қилса арзийди. Чунки, хозирда кўпчилик ушбу муаммо билан тўқнаш келмоқда. Истасангиз, ибодатимга шерик бўлинг, чунки бирга айтилган ибодат катта кучга эга. Осмондаги Отажон, Сен муқаддас билан бирга мулоқатда бўлиш нақадар ажойиб! Худойим, бугун биз айнан Сенга бўлган ибодатларимиз учун ибодат қилмоқчимиз. Худойим, биз айнан имонга тўла, муттасил давом этадиган ибодат қилишни истаймиз. Бизга ибодат қилишни ўргат. Бизни Муқаддас Руҳинг билан мархаматлагин. Биз ҳам оятингдаги тул аёл каби Сенга доим мурожаат қилишни ўрганайлик. Худойим, бизни номига ибодат қилишдан асрагин.

Худойим, бизга чин кўнгилдан, юракдаги севги билан ибодат қилишни ўргат. Хар бир берган имкониятингдан унумли фойдаланиб Сенга тинмай ибодат қилишни биз нодонларга ўргат. Ибодат бизга худди хаво каби муҳим бўлсин. Кунимизни ибодат билан бошлаб ибодат билан якунлайлик. Худойим, бир биримиз учун ибодат қилишга, бир биримизга доим далда беришга бизни ўргат. Биздаги хар қандай дангасаликни олиб ташла. Бунинг ўрнига бизни меҳнатсевар хизматкорларинг қилиб тайёрлагин. Худойим, берган нажотингни маҳкам ушлашга, бор жахдимиз билан Сен азиз Отажонимизга хизмат қилишни ўргат. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top