Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, мана сиз хаётингизни Раббингизга топширдингиз. Сиз энди Унинг шогирдига айланиб, Худо билан бирга бўлиб хаёт кечиряпсиз. Бу жуда яхши, лекин Исонинг шогирди бўлиш нима дегани? Келинг, бу саволга жавоб олиш учун Муқаддас Каломга назар ташлайлик. Луқо хушхабарининг 14чи бобида Раббимиз қуйидаги оятларни айтади. ” «Агар ким Менинг ҳузуримга келса-ю, ўзининг ота-онаси, хотини, бола-чақаси, ака-укаси, опа-сингиллари ва ҳатто ўз жонидан кўнгил узмаса, у Менинг шогирдим бўлолмайди. Кимки ўз хочини кўтариб орқамдан юрмаса, Менинг шогирдим бўлолмайди. Сизлардан бирортангиз иморат қурмоқчи бўлсангиз, уни битириш учун маблағ етарлими, деб олдиндан харажатини ҳисоблаб чиқмайсизми? Бўлмаса пойдевор солиб, иморат қура билмасангиз, ўтган-кетган кўриб: „Бу одам қуришни бошлади-ю битира олмади”, – деб масхара қилишади….
….Шундай қилиб, сизлардан ҳар бирингиз ўзингизнинг бор-йўғингиздан кўнгил узмасангиз, Менинг шогирдим бўлолмайсиз. Туз – яхши нарса. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна нима билан шўр қилиш мумкин? Ерга ҳам, гўнгга ҳам ярамайди, уни ахлатга ташлаб юборадилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!» (Луқо 14:25-35)”. Ха азизлар, Раббимизга шогирд бўлиш осон иш эмас. Лекин Унга бутун хаётингизни топширсангиз, имоним комил, хаётингиз ажойиб тарзда ўзгариб кетади. Нафақат ўзгаради, балки, хаётингиз қандайдир қизиқарли саргузаштга ўхшаб кетади. Азизлар, мен хозир ибодат қиламан, айнан яхши ва содиқ шогирд бўлиш учун ибодат қиламан. Истасангиз менга шерик бўлинг, чунки биргаликда айтлган ибодат катта куч қудратга эга. Осмондаги Отажон, бизга янги хаёт берганинг учун рахмат. Бизни шу қадар севдинг, биз учун хатто қурбон бўлиб учинчи куни тирилдинг. Худойим, биз Сенинг шогирдларинг ва издошларинг бўлишни истаймиз. Биз илгари ушбу ёвуз дунёга тегишли эдик. Ушбу ёвуз дунё бизни ўзига қул қилиб олган эди. Лекин Сен қиммат боҳога бизни бу дунёдан сотиб олдинг. Худойим, биз энди Сенинг муқаддас оиланга тегишлимиз.
Худойим, боримизни, хар бир нафасимизни, юрагимизнинг хар бир урушини Сенинг муқаддас қўлларинга топширишни истаймиз. Худойим, мен бу гапим билан биздаги хамма нарсани назарда тутяпман. Барча муаммоларимизни, ноқулайликларимизни, инжиқлигимизни, ташвишларимизни Сенга топшириб кўнглимиз тинчликда яшашини истаймиз. Худойим, биз Сенинг ердаги шогирдларинг бўлмоқчимиз. Барча диққат эътиборимизни айнан Сенинг хочинга қаратишга ёрдам бер. Худойим, хаётимизда биринчи ўринни эгаллагин. Хаётимиз тахтидан жой олгин. Худойим, имоним комилки, агар Сен хаётимда биринчи ўринни эгалласанг, демак, қолган нарсаларда ҳам биринчи ўринни эгаллайсан. Раббим, менинг севикли Парвардигорим, қаерда бўлмай, нима қилмай, хаммаси Сенинг муқаддас номинг атрофида амалга ошсин. Хаётимиз Сенга тегишли. Уни истаганингча ўзгартир. Сенинг исминг биз учун доим муқаддас бўлсин. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.