3:36

Аёл кундалиги

MP3

Ассалому алайкум қадрли аёллар. Ëшлигида кундалик тутмаган аёл бўлмаса керак. Ҳаммамиз дилимиздаги гапларни, кунимиз давомида бўлиб ўтган ишларни кундалигимизга тўкиб солишни ёқтирганмиз. Аммо ҳозир аёл бўлгач, бола, иш ва кундалик ташвишлар билан кундалик ёзишга вақт бўлмайди. Биз ҳозир ҳам кундалик тутишимиз мумкин. Буни биз руҳий кундалик деб аташимиз мумкин. Бунинг учун вақт сарфлаб бирор бир нарсага ёзишимиз шарт эмас. Руҳий кундаликнинг афзаллик томони шундаки, кун давомида баъзи нарсалар сизга қандай ҳаёт кечиришингиз, ўзингизни қандай тутишингиз, нималардан эҳтиёт бўлишингизни эслатади. Шу билан қилган хатоликларингизни Худо олдида тан олиб, ишингизни давом эттираверишингиз мумкин. Келинг, аёлнинг ҳаётида эслатиши мумкин бўлган баъзи нарсаларни эслатиб ўтаман. Энг биринчиси бу болаларингиз ишлатадиган «ўчирғич». Ҳар сафар бу нарсани кўрганингизда, бугун, кеча қилган гуноҳларингизни эслаб, уларни ўчириб ташланг. Аниқроғи Худонинг олдига бориб, хатоларингиз учун тавба қилиб, Худодан гуноҳларингизни ўчириб ташлашини сўранг.

Яна бир нарса бу – совун. У қўлимиздан осонгина сирғалиб чиқиб кетади. Ҳар тонг юзингизни ювиш учун ваннахонага кирганингизда юракнинг қанчалик алдамчи эканини, у бизни турли хил ҳис туйғулар билан адаштириб юбориши ҳақида ўйланг. Юрагимизни турли хил ҳавойи ҳислар ва беманиликлардан ҳимоя қилишимиз кераклигини эсланг. Кун давомида юрагингизга ёмон нарсалар кирмаслигига ҳаракат қилинг. Юрагингиздан чиқадиган ёмон нарсалар ҳам ҳаётингизни бузмасин. Хуллас, Худодан юрагингизни поклашини сўранг. Яна бир нарса бу- олов. Овқат тайёрлаш учун ошхонага кирганингизда, гугурт ёқмай иложингиз йўқ. Олов – жуда хавфли. У жуда қисқа вақт ичида уйингизни куйдириб кул қилиши мумкин. Ичимиздаги жаҳл ва ғазабни мана шу оловга ўхшатишимиз мумкин. Ичимиздаги жаҳлнинг кичик бир учқуни, гапираётган гапларимиз, қилаётган ишимиз, ўзимизни тутишимиз орқали атрофга сочилади ва оиламиздаги, ишхонамиздаги муносабатларимизни барбод қилади. Шунинг учун ҳам ичимиздаги жаҳлни Худонинг олдига олиб келиб, Унга беришимиз керак. Фақат У бу муаммога жавоб топа олади. Фақат У орқали ғазабимизни боса оламиз ва тўғри ҳаракат қила оламиз.

Бизда учрайдиган яна бир ёмон ҳислатни эслатадиган нарса бу ўтлар. Ям-яшил ўтлар қанчалик чиройли, тўғрими. Аммо баъзан ўзимиз ҳовлимиздаги ўтлардан кўра, бировнинг ҳовлисида ўсаётган ётлар чиройлироқ ва яшилроқ кўринади. Инсон табиатида ҳасад қилиш бор. Аммо бу нарсани ҳам Худога бериш мумкин. Ҳар сафар яшил ўтларни кўрганингизда Худо сизга берган баракатларни эсланг. Ўзингизда бори учун Унга шукр қилинг. Мен ёш бўлганимда онам сочларимни ўриб қўярдилар. Энди ўзим қизимнинг сочларини ўриб қўяман. Бироқ бу ўрилган сочлар ҳам менга Худо ҳақида бир нарсани ўргатади. Юрагим дўстга муҳтож бўлганида, аммо ҳеч қандай дўст тополмасам, Раббим Исо Масиҳга маҳкам боғланаман. У менга куч-қувват беради. Унга юрагимни, дардларимни бемалол ишонсам, Унга суянсам бўлади. Сиз ҳам ўрилган сочларни кўрганда шу ҳақида ўйланг. Аёл кундалиги ҳақидаги суҳбатимизни кейинги сафар давом эттирамиз. Бироқ суҳбатларимиз билан чекланиб қолманг. Сизни қизиқтириши мумкин бўлган мавзулар бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизда мавжуд.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top