Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Бугун сизлар билан Худонинг адолатлилиги ҳақида сўз юритамиз. Худо Руҳидан илҳомланиб ёзилган Муқаддас Ёзувларда адолатлилик ва ҳақлик бир-бирида жуда кам фарқ қилади.
Асл нусхадаги бир сўзнинг ўзи инглизчага айрим ҳолларда «адолатлилик», айрим ҳолларда эса «ҳақлик» деб таржима қилинади. Эски Аҳдда Худонинг адолатлилиги тушунарли ва бой тил билан шу қадар ажойиб ифодалаб берилганки, инсоният
адабиётида бундан ортиқроғи топилмайди. Садўмнинг вайрон қилиниши ҳақида эълон қилинган бир пайтда, Иброҳим Худонинг одамлар учун фавқулодда бўлган бу вазиятда Ўзига муносиб тарзда иш тутишини билиб, бу шаҳарда яшайдиган
солиҳ одамларни ҳимоя қилиб чиқди: «Асло, солиҳни ёвуз Билан бирга қириб ташлама! Солиҳ билан ёвузнинг қисматини баробар тутиш ҳеч ҳам Сенга муносиб иш эмас. Сен бутун ернинг Ҳокимисан, шак-шубҳасизки, Сен адолат билан ҳукм қиласан» (Ибт. 18:25).
Санолар муаллифлари ва Исроил пайғамбарлари Худони улуғвор ва адолатли бўлган қудратли ҳоким деб тасаввур қилганлар. «Булутлар ва зулумот Унинг атрофидадир, ҳаққоният ва адолат тахтининг асосидир» (Забур 96:2). Узоқ вақтлар мобайнида келиши кутилган Масиҳ ҳақида, У одамларни одилона ҳукм қилади ва ночорларга адолатли бўлади, деб башорат қилганлар. Бошқа одамларга нисбатан
меҳрибонлик ва ҳайрихоҳликка тўлиб-тошган муқаддас кишилар дунёвий ҳукмдорларнинг адолатсизлигидан нафратланган ҳолда: «Ё Худовандо, интиқомлар Тангриси! Ё интиқомлар Тангриси, зуҳур этгин! Кўтарилгин, эй ерни Ҳукм
қилувчи, мағрурларнинг жазосини бергин! Қачонгача бетавфиқлар, эй Худованд, қачонгача бетавфиқлар тантана қиладилар?» (Забур 93:1-3) — дея ибодат қилганлар.
Бу ибодатни ўзи учун қасос олиш илтижоси эмас, балки инсоният жамиятида маънавий адолатнинг ғалаба қозонишини кўриш истаги деб тушуниш керак. Довуд ва Дониэл каби одамлар Худонинг ҳақлиги билан таққослаган ҳолда ўзларининг ноҳақликларини тан олганлар, шунинг учун ҳам уларнинг тавба ибодатлари катта куч ва таъсирга эга бўлган. Шу пайтгача кучга кирмаган Худонинг ҳукми дунёга тушиб келган пайтда, Юҳанно гўё олов аралаш ойнадан ясалган бир денгиз юзида турган ғалаба қозонган фаришталарни кўради. Улар Худонинг чангларини қўлига олиб, Мусо ва Қўзининг куйини куйлашади ва бу куй — Худонинг адолатлилиги деб аталади. «Ё Раббий, Тангри Таоло, ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир. Эй Худованди карим! Ким чўчимас экан Сендан? Ким улуғламас экан исмингни? Зеро ёлғиз Ўзинг муқаддассан. Жамики эллар ҳузурингга келиб, Сенга бош эгиб сажда қилгайлар. Барчага аён бўлди одил ҳукмларинг» (Ваҳий 15:3-4).
Адолат маънавий тенглик ғоясини гавдалантиради, тенгсизлик эса — бевосита қарама-қарши нарса бўлиб, у инсон ўй-фикрлари ва ишидаги тенгликнинг мавжуд эмаслигидан далолат беради.
Азизлар, бордию сизларда бирон бир савол ёки фикрингиз бўлса, уларни dilkash@najot.com манзилига йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтига ташриф буюриб хабар қолдиринг. Раббимиз Севгиси ва Нажоти сизга ёр бўлсин. Хайир, омон бўлинг.