3:46

Ўлимдан ҳаётга

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Азизлар, сиз Масиҳни Раббим ва Нажоткорим деб қабул қилганмисиз? Агар шундай бўлса, ўлимдан ҳаётга қайтганингиз учун сизни муборакбот этаман. Қизиқ, Худонинг Каломи бу ҳақда нима дейди? Эфесликларга 2чи бобда шундай оятлар бор. Сизлар бир вақтлар гуноҳ ва жиноятларингиз туфайли руҳан ўлган эдингизлар. Сизлар бу дунёнинг таомилига кўра, фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким – шайтоннинг ихтиёрига қараб яшар эдингизлар. Шайтон руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда. Бир вақтлар биз ҳаммамиз ҳам ўша одамлар қатори яшаганмиз. Табиатимиздаги ёмон эҳтиросларга жисман ва фикран мубтало бўлиб, худди бошқа одамлардай табиатан Худо ғазабига йўлиққан эдик.

Аммо марҳаматга бой Худо Ўзининг улкан муҳаббатини бизга кўрсатди: биз жиноятларимиз туфайли руҳан ўлган эканмиз, У Масиҳ орқали бизга ҳаёт бағишлади. Сизлар Худонинг инояти билан қутулгансизлар. Исо Масиҳга ишониб, У билан бирлашганимиздан сўнг, Худо бизни Масиҳ билан бирга тирилтирди ва самовий оламда ўтқизиб қўйди. Худо Ўз меҳр-иноятининг беҳад бойлигини келгуси асрларгача аниқ намоён қилмоқ учун бизга Исо Масиҳ орқали шунчалик катта илтифот қилди. Ҳа, сизлар Худодан иноят топиб, имонингиз туфайли қутулгансизлар. Бу – Худонинг инъоми, сизнинг ютуғингиз эмас. Яна ҳеч ким: Мен савоб ишларим туфайли қутулганман, деб мақтанмасин.  Биз Худонинг ижодимиз. Худо бизни Исо Масиҳ орқали хайрли ишлар қилишимиз учун яратди, бу ишларни эса биз учун азалданоқ тайёр қилиб қўйди.

Азизлар, бугунги ибодатни айнан шу мавзуга бағишламоқчиман. Ибодатимга шерик бўлишни истасангиз, тортинманг. Чунки, биргаликда қилинган ибодат катта куч қудратга эгадир. Осмондаги севикли Отажон, берган нажотинг учун раҳмат. Дунё сирларининг калити бўлмиш Масиҳни бизга берганинг ажойибдир. Худойим, бир вақтлар ҳаммамиз ҳам гуноҳда яшаганмиз. Табиатимиздаги ёмон эҳтиросларга жисман ва фикран мубтало бўлган эдик. Аммо Сен, марҳаматга бойсан, ва Ўзингнинг улкан муҳаббатини бизга кўрсатдинг. Исо Масиҳга ишониб, У билан бирлашганимиздан сўнг, Сен бизни Масиҳ билан бирга тирилтирдинг ва самовий оламда ўтқазиб қўйдинг. Сен Ўз меҳр иноятингни беҳад бойлигини келгуси асрларгача аниқ намоён қилмоқ учун бизга Исо Масиҳ орқали шунчалик катта илтифот қилдинг. Биз энди савоб ишларимиз орқали эмас, аксинча, Сендан иноят топиб, имонимиз туфайли қутулдик. Бу бизнинг ютуғимиз эмас, аксинча, Сен муқаддаснинг инъомидир. Савоб ишларим орқали қутулдим деб мақтанишдан Ўзинг бизни асрагин. Аҳир Сен биз Исо Масиҳ орқали хайирли ишлар қилишимиз учун яратдинг, бу ишларни Сен биз учун азалданоқ тайёр қилиб қўган эдинг. Худойим, Масиҳ орқали бизни ўлимдан ҳаётга олиб ўтганинг учун шукур айтиш тилимиздан тушмасин. Сенинг буюк нажот қурбонинг номидан ибодат қилдик. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top