3:00

Болалар жанжали

MP3

Ассалому алайкум. Суҳбатимизни бошлашдан олдин, кўз олдингизга мен айтмоқчи бўлган ҳолатни тасаввур қилишингизни илтимос қилардим. Бу нарса биз аёлларга баъзи нарсаларни тушунишимизга ёрдам беради.

Тасаввур қилинг: «Она ошхонада газ, чойнак ва кафелларни юваяпти. Эндигина ошхона шкафларини тозалаб, идишларни ювиб артиб чиқди. Ҳаммаси ярқираяпти. Озгина қолди, энди газ ва чойнакларни ювиб бўлса, тушлик тайёрласа ҳам бўлади. Аммо бошқа хонадан болаларнинг қий-чуви, асабий бир-бирига бақиришлари, бир-бирининг устидан шикоят қилиш учун онасини чақиргани эшитилади. Она бунга эътибор бермасликка уринаяпти. Аммо уларнинг бақир-чақири, жанжаллари борган сари кучайиб боряпти. Она асабийлаша бошлади. Ўзини тутишга қанча ҳаракат қилмасин, болаларининг олдига бориб, ҳаммасининг таъзирини бериб қўйишни жуда-жуда хоҳлаяпти. Шунда у қўлидаги қирғични ташлаб, болалар олдига асабийлашган ҳолда, шаҳдам қадамлар билан, бақиришга ва уришга тайёр ҳолда кетаяпти…» Тўхтанг, ундан уёғини тасаввур қилманг. Бундан кейинги ҳолат ҳаммада ҳар хил бўлиши мумкин. Бундан кейинги ҳолатни тасаввур қилишингизни истамайман. Бу кўпчилик оналарнинг бошига тушадиган ҳолат. Бу нарса сиз тингловчилар учун янгилик эмас. Мен фақат ҳаётингизда бўладиган бир саҳнани кўз олдингизга келтиришингизга ёрдам бердим ҳолос. Нега, дейсизми? Мана шу ҳолатдан керакли хулосани чиқариб олиш учун. Агар она ўша дақиқада бориб, фарзандларига бақириб, дўппослаб кетса, болалар бир зумда тинчланади қолади. Бироқ бу тўғри йўл эмас. Болаларни бир-бирига меҳрибонроқ, сабрлироқ қилишнинг йўли эмас бу. Она бу билан болалардаги бу хатони, камчиликни тўғрилай олмайди. Агар бориб, мумкин қадар ўзини босишга ҳаракат қилган ҳолда, болалардан нима бўлганини суриштириб кўрса-чи?! Бу ёмон йўл эмас. Аммо ўша пайтда жанжални бошлаган болани топиш қийин. Ҳаммаси бир-бирини айблайди. Бири бошқасини биринчи бошлаганликда айблайди. Чалкашиб кетасиз. Охирида эса айбдорни тополмай, яна кўпроқ асабийлашасиз. Бу ҳолат менда ҳам бўлган. Агар бошқача йўл тутсак-чи. Бориб, болаларингизни бир жойга чақириб, уларга Каломдан бир парча ўқиб беринг. Боришдан олдин эса, ўзингизни босиб, асабийлашмасликка ҳаракат қилинг. Ичингиздаги ғазабни чиқариб ташланг. Мумкин қадар сабр-тоқат билан, мулойимлик ва меҳрибонлик билан ҳикоя ёки парча ўқиб беринг. Кейин эса улардан фикрларини сўранг. Бу пайтгача болалар ҳам сиз ҳам анча тинчланган, сокин бўлиб қолган бўласиз. Ундан сўнг болаларга ўз хатосини тан олишини сўранг. Болалар ўз хатоларини тан олиб, бир-бирларидан кечирим сўрасинлар. Шундан кейин уларнинг тинч ва бир-бирига меҳрибон бўлиб қолганини кўрасиз. Ҳар сафар улар сизга ёқмайдиган бирор бир иш қилганида, ўзингизни тинчлантириб, мумкин қадар сокинлик ва сабр тоқат билан мурожаат қилинг. Нега бундай қилганининг сабабини аниқланг. Ўзингизни бундай тутишингиз тез орада болаларга ҳам ўтади. Улар сиздан ўрганган ҳолда, бир-бирларига сабр-тоқатлироқ бўлиб бораётганини ўзингиз ҳам пайқайсиз. Жанжалларни тўғри ва тинч йўл билан ҳал қилишни фарзандларингизга намунада ўргатинг. Сизга бу борада кўпроқ маълумот керак бўлса, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top