3:28

Мақтовлар

MP3

Ассалому алайкум. Ҳаёт қийинчиликлар ва муаммоларга тўла, бироқ ҳаёт шуниси билан қизиқ. Муаммоларимиз ҳал бўлиб, қийинчиликлардан ўтиб олгач шундай деб ўйлаймиз. Аммо айни қийинчиликлар ичида, руҳиятимиз тушиб, ўзимизга бўлган ишончимиз, ҳурматимиз ва муҳаббатимиз йўқолади. Нима сабабли шундай бўлади? Қийинчиликлар туфайлими? Йўқ, баъзи аёлларнинг болалигидан ўз-ўзига бўлган ишончи ва ҳурмати шаклланмаган бўлади. Бундай аёллар қанчалик гўзал, қўлидан иш келадиган, бемалол бир оиланинг бекаси бўла оладиган даражада қобилиятли бўлмасин, ўз-ўзини камситади. Ташқи томондан бу нарса кўринмаслиги мумкин, аммо аёл ич-ичидан ўзини шундай ҳис қилади. Унинг салгина хатоси ҳам ўзига катта кўриниб, ўзини уқувсиз, ҳеч нарсани эплай олмайдиган деб ҳис қилади. Бу нарсалар ўзини бошқалардан кўра пастроқ ва ёмонроқ деб билишига сабаб бўлади. Ўз-ўзини пастга уриш, ўзига тўғри баҳо бера олмаслик, инсонда йиллар давомида шаклланиб келади. У ота-она томонидан йўл қўйилган баъзи хатоларнинг натижаси туфайли юзага келади. Ота-онасидан кўп туртки еган, танбеҳ эшитиб, ҳеч ҳам мақтов олмаган бола келажакда мана шундай бўлиб етишади. Ота-оналар фарзандларига фарзанд сифатида қарайдилар-у, шаҳс сифатида тўғри баҳо бера олмайдилар. Уларни ҳали шахс эмас, деб ҳисоблайдилар. Бироқ фарзанд ўзини шаҳс сифатида кўришларини истайди. Нега ёшгина аёллар, ўсмир қизлар ҳатто йигитлар ҳам ўз жонларига қасд қиладилар? Бунинг асосий сабаби, ўша ёш йигит қизларнинг ўз-ўзига тўғри баҳо бера олмасликларида. Ўзларини ҳеч кимга керак эмас деб ҳисоблаганликларида. Ўзларини ҳаддан ташқари ерга урганликларида. Агар мана шундай йигит қизларга ота-она томонидан ўз вақтида эътибор, ширин сўз, мақтовлар ёғилганида, уларнинг ўз-ўзига бўлган фикри анча ўзгарган бўларди.

Мақтов, руҳлантириш, нафақат болаларнинг ҳаётида, катталарнинг ҳаётида ҳам ижобий рол ўйнайди. Инсон сифатида танқид қилиш бобида жуда уста бўлиб кетганмиз, бироқ гап мақташга келганида бу борада анча оқсоқланамиз. Негадир дилимиздаги мақтовларни тилимизга чиқаришга ийманамиз. Оилангиз, фарзандларингиз бўлса, мақташни, руҳлантиришни, далда беришни улардан бошланг. Бу сизга амалиёт бўлади. Фарзандингизнинг ҳар бир яхши иши, ҳаракати ҳеч ҳам назарингиздан четда қолмасин. Фақат фарзандингиз эмас, турмуш ўртоғингизнинг яхши ишини ҳам мақтаб, уни шу ишга руҳлантиринг. Энг муҳими ўз-ўзингизни мақташ ёдингиздан чиқмасин. Ўзингизга Худонинг кўзи билан қаранг. Сиз қила олган ҳар бир иш Худони хурсанд қилади. Ахир сиз унинг фарзандисиз-ку! Ўз-ўзини мақташ бу мағрурлик эмас. Бу мағрурлик бўлмаслиги ҳам керак. Шунчаки, қила олган ишингиз, ҳаракатингиз, бирор бир қобилиятингиз орқали ўз-ўзингизни қабул қилинг. Шунда ўзингизни қадрлашни, ҳурмат қилишни ўрганасиз. Ўзингизга бўлган ишонч улғаяди. Одамлар орасида, оилада ҳар бир ҳаракатингиз қатъий, ишончли ва табиий чиқадиган бўлади. Ўзингизни бошқалардан кам ҳисобламайсиз. Албатта ҳамма нарса қўлингиздан келмаслиги мумкин, бироқ бу нарса сизни ерга урмаслиги керак. Ҳеч ким мукаммал эмас, қолаверса Худо сизни мана шу камчиликларингиз билан бирга қабул қилган ва яхши кўради. Шундай экан, ўз-ўзингизга бўлган ҳурматни кучайтириш учун астойдил ҳаракат қилинг. Сиз ҳурматга ва муҳаббатга лойиқсиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top