3:07

Хар қандай вақтда тайёр бўлиш

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Шахсий хушхабарчиликда ҳеч нарса бизнинг шахсий кечинмаларимиз каби натижа бермайди. Балки сиз ўз ҳаётингизда Масиҳнинг қутқарувчи қудратини англагандирсиз. Балки Муқаддас Руҳнинг кучини қабул қилгандирсиз. Балки Масиҳ сиз учун буюк мўъжизалар яратгандир. Агарда сиз буларни бошқалар билан бўлишмасангиз, улар бу ҳақида қандай биладилар? Агарда сиз гапирмасангиз улар қандай эшитади? Агарда улар эшитмаса қандай қилиб ишонишади ва қутқариладилар?

Фараз қилайлик Исо биз билан Хушхабарни бўлишмади. Биз Худонинг севгиси ҳақида қандай биламиз? Фараз қилайлик Самариялик аёл Исо билан учрашувидаги кечинмаларини яширганида, унинг туғилган жойидаги одамлар У ҳақида қандай эшитган бўлар эди? Исонинг Ўзи қаерда бўлмасин одамларга Хушхабар айтди. У қаерда тўхтамасин одамлар билан суҳбатлашар эди. Исо ҳақида ўқиганимизда Унинг доим соҳил бўйида одамлар билан суҳбатлашаётгани ҳақида ўқиймиз. Бир куни У Ўз шогирдларига: «Яқин атрофдаги қишлоқ ва шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу мақсад учун келганман» (Марк 1:38). У Ўзининг шогирдларини бутун ер юзи бўйлаб юборди. Бизда шунча яхши хабарлар бўла туриб қандай жим ўтира оламиз? Биз ҳар қандай шароитда ҳам Масиҳ ҳақида гапиришимиз керак. Ҳаворий Павлус Тимўтийга мурожаат қилиб деди:

«Худонинг ҳузурида ҳамда тиригу ўликларни ҳукм қилажак, кўкдан тушиб, Ўз салтанатини жорий қилажак Исо Масиҳ ҳузурида сенга қатъий буюраман: Худо Каломини ваъз қил, ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми, демай, доим гапиришга тайёр бўл…» (2-Тимўтийга 4:1-2). Исо Ўз йўлида хушхабар айтиш ва ваъз қилиш учун ҳар қандай имкониятлардан фойдаланар эди. Ҳатто хочда ўлим ёқасида турганида ҳам вақтни бой бермасдан ёнидаги қароқчиларга хушхабарни етказган эди: «Сенга чинини айтаманки, бугуннинг ўзида сен Мен билан бирга жаннатда бўласан» (Луқо 23:43).

Павлус Раббимиз ҳақидаги хушхабарни етказиш учун ҳеч бир имконни қўлдан бермас эди. Ҳатто ҳибсда ётганида ҳам хушхабар айтишда давом этарди. У шоҳ Агриппанинг олдида занжирбанд ҳолида туриб, Масиҳ ҳақида гапирди (Ҳаворийлар 26:29). Ўзини ўлдирмоқчи бўлган соқчи эшитиши учун у камерасида ётиб хушхабарни етказиш учун қичқирарди (Ҳаворийлар 16:27-28).

Баъзи бир имкониятлар ҳаётимизда фақат бир мартагина бўлишига эътибор беринг. Ўша пайтда Павлус бирозгина кечикиб қолиб қичқирмаганида, ўша зиндон соқчиси гуноҳлари билан ўлиб кетган бўлар эди. Биз ҳар қандай шароитда ҳам Масиҳ ҳақида эшитгиси келган одам билан хушхабарни бўлишишга тайёр бўлишимиз керак.

Азизлар, ушбу туркумдаги хикояни электрон шаклига эга бўлишни истасангиз, www.najot.com сайтимизга ташриф буюринг. У ерда сиз нафақат қизиқарли, балки, фойдали хикояларни кўчириб олишингиз мумкин. Бордию фикр-мулоҳазаларингизни билдирмоқчи бўлсангиз, dilkash@najot.com электрон манзилига мактуб йўлланг. Хайир, омон бўлинг азизлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top