3:21

Имондан қайтмаслик ҳақида

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, бугун сизлар билан имонда маҳкам туриш учун ибодат қилмоқчиман. Хаворий Павлус, Ибронийларга мактуб ёзар экан, у шундай сўзларни айтади. “Бир марта зиёни кўрган, самовий инъомдан лаззат олган, Муқаддас Руҳдан баҳраманд бўлган, Худонинг хайрли каломини ва келажак оламнинг қудратларини тотиб кўрган кишилар агар бундан кейин имондан қайтсалар, уларни яна тавба қилдириб тузатиш имконсиздир. Чунки бундай кишилар Худонинг Ўғлини янгидан хочга қоқиб, масхара қилган бўладилар.

Устига мўл-кўл тушган ёмғирни ичган ва деҳқонлар учун фойдали ўсимлик берган ер Худодан баракат олади. Аммо тикану қушқўнмасни берган ер эса ярамасдир ва лаънатга қолади. Унинг охирати – ёнишдир. Сизларга келсак, эй севиклилар, шундай гапиришимизга қарамай, аминмизки, сизларнинг аҳволингиз бундан яхшироқдир ва нажотга эришасизлар. Чунки Худо адолатсиз эмас.

У сизларнинг ишингизни, Унинг исмига кўрсатган муҳаббатингизни унутмайди, Ўз азизларига қандай хизмат қилганингизни ва ҳозир ҳам қилаётганингизни ёдда тутади. Орзу қиламизки, умидингиз тамоман рўёбга чиқсин, ҳар бирингиз охиригача айнимай ғайрат кўрсатинглар, эринманглар, имон ва сабр-тоқат билан илоҳий ваъдаларга эришганлардан ўрнак олинглар. (Ибронийларга 6:1-12). Азизлар, имонли кишини имондан қайтишдан Худонинг Ўзи асрасин. Хозир мен ибодат қиламан, истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Осмондаги Отажон, Сен буюк Худога шон шарафлар бўлсин. Сенинг муқаддас исминг биз учун дойим қуёш каби порлаб турсин. Отажон, биз Сенга имон келтириб Сен азиз билан бирга бўлдик. Худойим, биз доим хавф хатар остидамиз, чунки ушбу гуноҳкор дунё бизни ўзига тортиб олиш ниятидадир. Худойим, ушбу дунёга умид боғлашимиздан Ўзинг асрагин.

Имонимизни шу қадар кучли қилгинки, биз сўнги нафасимизгача Сенинг нажотинг билан қувонайлик. Хар бир васваса, хар бир синовни катта хурсандчилик билан қабул қилишни бизга ўргат. Гуноҳга берилиб, Сендан узоқлашдан Ўзинг асрагин. Муқаддас Руҳинг доим бизга тўғри йўлни кўрсатсин. Худойим, имондан қайтмаслик учун ибодат қилар эканмиз, бизни имонда мустаҳкам қилгин. Хеч нарса бизга хоким бўлмасин, шайтоннинг хеч бир ёлғони бизни имондан қайтишга сабабчи бўлмасин. Худойим, юрагимизни Ўзинг поклагин. Юрагимиз ва онгимиз Сенга бағишланган бўлсин. Имонда бизни шу қадар кучли қилгинки, Ўғлингни, Сенинг муқаддас қурбонлигингни янгидан хочга қоқиб, масхара қилганлардан бўлмайлик.

Отажон, бизга сиртқидилдан хизмат қилишни ўргат. Одам қандай бўлишидан қатъий назар, унга муҳаббат билан хизмат қилишни ўргат. Ушбу дунёда Муқаддас Руҳинг бизнинг хамроҳимиз бўлсин азиз Отажон. Омин.

Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top