Ассалому алайкум азиз ака-ука ва опа-сингиллар. Ибодатга бағишланган дастурга хуш келибсиз. Азизлар, очиғини айтганда мен севги ҳақида, айнан Раббимиз кўрсатган севги ҳақида гапиришни жуда ёқтираман. Бугун ҳам, мен айнан мана шу мавзуда ибодат қилишни мақсад қилдим. Ибодатни бошлашдан аввал, Каломда бу ҳақда нима дейилганини кўриб чиқсак. Юҳаннонинг биринчи мактубида қуйидаги оятлар битилган. “Эй фарзандларим, биз сўз ёки тил билангина эмас, балки амалда ва ҳақиқатда севишимиз лозим. Шу тариқа биз ҳақиқат аҳли эканимизга ишонч ҳосил қиламиз ва Худо олдида кўнглимиз хотиржам бўлади. Агарда кўнглимиз бизни айбласа, Худо кўнглимиздан улуғ эканини биламиз. Чунки У ҳамма нарсани аниқ билади. Эй маҳбубларим, агар виждонимиз бизни қийнамаса, Худо олдида дадил бўламиз ва Ундан нимаики сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажо келтириб, Унга мақбул бўлган ишларни қилаётирмиз.
Илоҳий амр – Худонинг Ўғли Исо Масиҳга ишонишдан ва худди Исо Масиҳ буюрганидек, бир-биримизни севишдан иборат. Ким Худонинг амрларини бажо келтирса, у Худо билан бир тан, Худо ҳам у билан бир тан бўлади. Худо вужудимизда яшаётганини шундан биламизки, У бизга Ўз Руҳини берди. (1Юҳанно 3:18-24). Азизлар, келинг истасангиз ибодатимга шерик бўлинг. Чунки бирга айтилган ибодат катта куч қудратга эгадир. Азиз Отажон, берган нажотинг учун сенга шукурлар бўлсин. Қурбон қўзиси бўлмиш Исо Масиҳ орқали бизга ҳақиқий севги нима эканини кўрсатдинг. Муқаддас исминг янада улуғлансин. Худойим, бизга тилда эмас, аксинча амалда севишни ўргат. Хакиқий севги билан Сенга ва инсонларга хизмат қилишни ўргатгин. Нафақат амалда, балки ҳақиқатда севишни ўргатгин. Худойим, кўнглимизни хотиржам қилгин. Худойим, Сен хамма нарсани билгувчи Худосан. Сендан хеч нарса яширинолмас. Фақат Сен бизни юрагимизда борини, онгимиздаги хаёллару яширин фикрларни биласан.
Бизга илоҳий амринга ишонишни ўргат. Ўғлинг Исо Масиҳга бўлган имонимиз кундан кунга кучайиб бораверсин. Худойим, Сенинг ироданг бизнинг мақсадимизга айлансин. Хаётимизнинг марказидан, тахтидан жой олгин Худойим. Олдингда тиз чўкар эканман, хаётимни бошқаришингни сўрайман. Хаётим бошидан охиригача Сенинг севикли қўлларингдадир. Хаётимнинг хар бир сонияси сенинг режанга амал қилади. Худойим, бизни бу дунё билан уйғунлашиб кетишимиздан ўзинг асра. Биз бу дунёга тегишли эмасмиз, аксинча, Сенинг ажойиб ва қудратли шоҳлигинга мансубмиз. Бизни энди хеч айиблай олмас, чунки биз қоронғуликдан ёруғликка ўтдик. Сен бизни қутқараман деб, Ўзинга азиз бўлган бегунох Қўзини қурбон қилдинг. Сен хотиржамлик манбааси бўлган Худосан. Сенинг номинг ва севгинг тилимиздан тушмасин Худойим. Омин.
Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда dilkash@najot.com электрон манзилига ҳабар йўлланг, ёки бўлмаса www.najot.com сайтининг ибодат эҳтиёжлари бўлимига ташриф буюриб ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.