Narrator 1 Ассалому алайкум. Инсон зоти бор экан, туғилиш ва ўлиш бор. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўзгача маъно касб этади. Бири қувонтирса иккинчиси қайғуга солади. Аммо ҳар ишда ҳайр бордир. Бугун эса келинг ҳайрли ва қувончли бўлган туғилиш ҳақида суҳбатлашамиз. Чақалоқ дунёга келиши билан, худди бу дунёни ўзининг туғилишидан боҳабар қилиб қўймоқчи бўлгандай, чинқириб ингалайди. У бунинг бу дунёдаги биринчи тажрибаси. У биринчи марта бу дунёдан нафас олади, кўзларини очади ва илк бор онасининг сутидан баҳраманд бўлади. Бу тажрибаларнинг бари чақалоқ учун ҳам, она учун ҳам жуда ёқимли. Қадимда чақалоқлар ўз уйларида туғилар эдилар. Ўша пайтда маҳсус туғиш уйлари йўқ эди. Қайси аёлнинг тўлғоғи тутса, тезда доя чақиртириларди. Доя ўзининг уддабуронлиги билан чақалоқни дунёга келтириб оларди.
Narrator 2 Ҳозир эса чақалоқлар уйларда эмас «роддом»ларда туғиладилар. Шифокорлар оналарнинг уйда туғишларига рухсат бермайди. Чақалоқнинг ҳам онанинг ҳам саломатлиги уларнинг назорати остида бўлиши керак. Бу оналарга ҳам туғилажак болаларга ҳам жуда қулайлик яратиб беради. Аммо, бир Зот, жуда ноодатий жойда дунёга келган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, қадимда чақалоқлар уйларда дунёга келганлар. Асримизнинг бошида балки ундан ҳам олдинроқ бир чақалоқ оғилхонада дунёга келди. Аслида Унинг келиши бир неча юз йиллар олдин башорат қилинган эди. Башоратни билган киши борки уни шоҳ қасрида ёки ҳеч бўлмаганда бирор бир зодагон оиласида дунёга келади, — деб ҳаёл қилган. Аммо ундай бўлмади. Ўша интиқлик билан кутилган, халқнинг Нажоткори бўлган Исо Масиҳ, оддийгина оғилхонада туғилди.
Narrator 1 Унинг ётоғи бешик эмас, охур бўлди. Худованд ҳар доим инсонлар ўйлаганидан бошқача иш қилишини биласиз. Унинг фикрлари инсон фикрларидан жуда юксакда. У бизнинг ақлимизга сиғмайдиган ишларни қилади. Ўшанда ҳам инсонлар Нажоткорнинг оғилда туғилишини туш кўришибди-ми?! Бунинг тагида ҳам маъно яширинган эди. У бошқа оддий инсонлар каби, иссиққина уйда ва қулайликлар ичида эмас, ундан ҳам қашшоқроқ, ноқулай ва ноодатий жойда туғилди. Бу Унинг ғайритабиий ва бошқаларга ўхшамаган зотлигидан далолат эди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Шунингдек, Юсуф ҳам Жалиларнинг Насро шаҳридан Яҳудияга, Довудлар шаҳри Байтлаҳмга борди. Чунки у Довуд насаби ва хонадонидан эди. У ўзига унаштирилган қиз, ҳомиладор Марям билан бирга рўйхатдан ўтмоқчи бўлди. Улар ўша ерда бўлганларида эса Марямнинг ой-куни тўлди. У ўзининг тўнғич ўғлини туғди. Уни йўргаклаб, охурга ётқизиб қўйди, чунки мусофирхонада уларга жой йўқ эди.» (Лук 2:4-7)
Narrator 2 Тасаввур қилаяпсизми, шоҳлар Шоҳи, дунёнинг гуноҳини ўзига оладиган Нажоткор оддийгина оғилхонада дунёга келди. Аслида унга шоҳлар фарзандларига қилинган эҳтиром ва муносабатдан ҳам юқорироғи қилиниши керак эди. Бироқ, Худонинг фикри бошқа эди. Исо Масиҳ ерда яшар экан, ҳаммадан ажралиб турар эди. Унинг гап-сўзлари, яшаш тарзи, инсонларга муомаласи ҳамма ҳаммаси оддий инсонларникидан фарқ қиларди. Унинг туғилиши ҳам худди шундай бошқаларникига ўхшамаган тарзда бўлди. Бир таҳмин бор, балки Исо Масиҳ эзилган, қийналган инсонларни тушуниши учун, уларга яқин бўлиши учун ҳамма оддий инсонлардан-да қуйироқ ҳолатга тушгандир. Нима бўлганда ҳам Исо Масиҳнинг туғилиши ҳам ўзи каби ғайритабиий бўлган. Бу ҳақида яна ҳам кўпроқ маълумотни бизнинг www.najot.com сайтимиздан топишингиз мумкин.