Narrator 1 Ассалому алайкум. Аёл зоти баъзида билиб, баъзида билмай, эркак кишини васвасага етаклайди. Бу сўзни кенг қамровда тушуниш керак. Эркакларни тўғри йўлдан адаштирган, нотўғри маслаҳатлар ва талаблар берган аёллар ҳақида Муқаддас Каломда жуда кўп ёзилган. Биринчи бўлиб васвасага етаклаган аёл бу момо Ҳаво бўлган. У таъқиқланган мевани ўзи егани етмагандай, одам Атога ҳам бу мевадан ейишни таклиф қилган. Шу билан у одам Атони васвасага ва гуноҳга етаклаган. Васвасага етаклаган аёллардан яна бир бу – Далила. Худованднинг кучли ва солиҳ бандаси Шимшўнни васвасага солиб, унинг кучи сирини билиб олган. Аёл зоти аёрлик қилишга ва ўзини севган эркакни васвасага солишга уста бўлади. Бироқ бу иши уларга фойда келтирмайди. Эрини гуноҳга ундаган аёллардан яна бири малика Изабел бўлган. У шоҳ Ахабнинг хотини эди. Шоҳ Ахабнинг кўпгина ёвуз ишларининг бошида малика Изабел бўлган.
Narrator 2 Аюб пайғамбарнинг хотини ҳам эрига ёрдам бериш ўрнига, гуноҳ қилишга ундаган. Хуллас, Муқаддас Каломни ўқир экансиз, Худовандга қарши чиққан, тўғри, солиҳ кишиларни йўлдан уришга ҳаракат қилган васвасакор аёлларни кўплаб топасиз. Шундай аёллардан бири бу – Зереш эди. Ие, Зереш дегани ким дейсизми? Бу аёл унчалик машҳур эмас. У ҳақида Муқаддас Каломнинг фақат бир жойидагина ёзилган. Ëзилгандаям, шундай аниқ ёзилганки, унинг қилган ишидан, берган маслаҳатидан қандай аёл эканини билиб олиш мумкин. Келинг, у ҳақида ёзилган оятни ўқийлик. «Дўстларини ва хотини Зерешни чақириб, ўзининг мўл-кўл бойлиги, ўғиллари ва шох олдидаги ҳурмати ҳақида мақтана кетди. Ва бу ҳаммаси эмас, деди Хомон: — Малика бошқа амалдорлар орасидан фақат мени шоҳ билан бирга зиёфатга чақирди. Аммо Мордохайнинг қирол дарвозаси олдида кўрар эканман, буларнинг ҳеч бири мени хурсанд қила олмайди.» (Эстер 5:10-13).
Narrator 1 Бу қадимда Форс давлатида ҳукмронлик қилган шох Ксеркснинг амалдори Хомоннинг сўзлари эди. Зереш – Хомоннинг хотини бўлган. У эри Хомоннинг сўзларидан кейин, унга маслаҳат берди: «Унинг хотини Зереш… унга деди: — бир устун ясаттиринг. Унинг узунлиги 23 метр бўлсин. Кейин эса шохнинг олдига бориб, унга Мордохайнинг остиришга рухсат сўранг. Кейин эса шох билан бирга зиёфатга бориб, роҳатланинг» (Эст 5:14). Бу Хомоннинг хотини Зерешнинг сўзлари. Каломни ўқиган одам Зереш ва Хомоннинг қанчалик катта хатога йўл қўяётганини билади. Улар Худога ва Унинг халқига қарши иш қилаётганини англайди. Бироқ Зереш ва Хомон Худо ҳақида ҳеч нима билмас эди. Худо ҳақида билмаган инсонлар ҳам яхшилик билан ёмонликнинг фарқига боради.
Narrator 2 Агар Хомоннинг хотини Зереш доно аёл бўлганида, эрини ёмон ишга ундамаган бўларди. Унга нотўғри маслаҳат бермаган бўларди. Зереш эрининг қалбида ёниб турган чўғга керосин сепди. У эрини яна ҳам оғирроқ гуноҳга етаклади. Зерешнинг маслаҳати билан Хомон Мордохайни осиш учун 23 метрлик устун ясаттирди. Зереш озгина ақлли бўлганида, «Шу шон-шараф билан қаноатлан, Мордохайни ўз ҳолига қўй, бошингга бало орттирма», — деган бўларди. Бироқ, Зереш ҳам аҳмоқликда, ёвузликда эридан қолишмаган кўринади. У ҳам эри эришган ютуқлардан, бойликдан маст бўлиб, босар-тусарини билмай қолган аёллар тоифасига киради. Хуллас, эри Хомоннинг дорга осилишида, хотини Зерешнинг ҳам ҳиссаси катта. Шундай экан, ҳар бир одам берадиган маслаҳатини ўйлаб бермоғи лозим. Эҳтиёт бўлинг, ҳеч ким сизга зиён етказадиган маслаҳат бермасин!