MP3

Narrator 1 «Йигит ўз йўлини қандай қилиб соф сақлар? Сенинг каломинг билан юрса бу бўлар» (Заб 118:9).

Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугунги суҳбатимиз ёшлар, асосан ёш йигитлар ҳақида бўлади. Муқаддас Каломда Худованд ёш йигитларга тегишли йўл-йўриқларни берган. Ëшлик даври инсонинг куч-қувватга тўлган пайти бўлиши билан бирга шу пайтда унинг мияси жуда кўп маълумотни қабул қилишга, ўрганишга қодир бўлади. Бу пайт инсонинг тўғри қарор қилиш пайти ҳам ҳисобланади. Мана шу дамда қилинган тўғри қарор инсонни келажакда муваффақиятга етаклайди. Айнан шунинг учун ҳам Калом ёшлар ҳақида жуда кўп ёзади. Муқаддас Каломдан жой олган Воиз китобида ёшларга тегишли ўгитлар бор. Бу ўгитлар қандай инсон бўлиш кераклигини, ҳаётда қандай яшамоқ жоизлигини ўргатади. Келинг, шу китобдан бир парча ўқиб кўрамиз.

Narrator 2 «Шамолни кўриб қўрққан ҳеч қачон уруғ экмайди, ёмғирдан хавфсираб, булутни кузатган ҳеч қачон ҳосил ўрмайди. Онанинг бачадонидаги болага қандай қилиб жон киришини билмаганингдек, ҳамма нарсани содир қиладиган Худонинг ишларини билмайсан. Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири – унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар» (Воиз 11:4-6). Бу оятлар ёшларни меҳнат қилишга, Худога умид қилишга ўргатади. Инсон ёшлигида жуда узоқ вақт мана шундай ёш ва навқирон, кучга тўлган ҳолатда яшайдигандай туюлади. Ҳеч қачон куч-қувват ва соғлиқ уни тарк этмайдигандай. Шундай ҳавойи фикрлар билан нотўғри ишлар қилиб қўйганини кейинроқ, ёши 40дан ошганда билади.

Narrator 1 Шундай бўлмаслиги учун Худованд ўз Каломи орқали ёшларга маслаҳат беради: «Ëруғлик лаззатлидир, қуёшни кўриш кўзлар учун ҳам ёқимлидир. Узоқ йиллар яшайдиганлар ҳам ҳар бир яшаган кунларидан завқ олсин, ҳали кўп қоронғулик кунлари бўлишини эсда тутсин. Ҳамма келадиган нарсалар елдай ўтиб кетади. Эй йигит, ёшлигингда роҳатлан, юрагинг сени завқлантирсин. Кўнглинг орзу қилган, кўзларинг хоҳлаган ишни қилгин, лекин билиб қўй, ҳар бир қилган ишинг учун Худо сени ҳукм қилади. Қайғурмагин, тананг оғриқни билмасин, чунки ёшлик, ҳаёт тонги елдай тез ўтиб кетади.» Бу оятлар ҳам йигитларга ёшлик даврини мулоҳаза билан самарали ўтказишни таъкидлайди. Киши ёш пайтида меҳнат қилгани, бирор бир масъулиятли ишни олгани яхши. Шунда ёшлигидан ҳаёт, яқинлари қадрини билади. Ҳаётда ўз ўрнини топишни ўрганади.

Narrator 2 Ҳаётнинг ҳар бир онини донолик билан яхши ишлар қилиб ўтказадиган ва ундан унумли фойдаланадиган ёшлар ўз қадрини ҳам билиши керак. Унинг билимини, донолигини ва масъулиятли вазифасини ҳеч ким суъистемол қилмаслиги керак. Калом ҳам шундай дейди: «Сенинг ёшлигингни ҳеч ким хор қилмасин. Сен сўзда, юриш-туришда, муҳаббатда, имонда, пок руҳда имонлиларга ўрнак бўл. Мен келгунимча тиловат, насиҳат ва таълим билан машғул бўл» (1Тим 4:12). Худованд ёшларга руҳий ҳаёт билан билим олишни баробар олиб боришни буюради. Бундан чиқдики, ёшлар кўча-куйда безорилик ва айшу-ишрат қилиб вақтларини ўтказмай, Худо буюрганига кўра, Унинг амрларига амал қилиб, билим олишнинг пайидан бўлишлари керак. Биздан аввал яшаб ўтган машхур шахслар ҳаёти ҳақида билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимиз бу борада сизга ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top