Narrator 1 Ассалому алайкум. Бу дунёда ном қолдириш учун инсон ёки жуда яхши бўлиши керак ёки жуда ёмон. Яхши инсонни ўтганидан кейин, яхши ишлари билан алқаб эслашади. Ёмон инсонни эса ёмонлигини эслаб ортидан лаънатлашади. Ҳар икки турдаги инсонлар ҳам авлодларнинг ёдидан чиқмайди. Уларнинг қилган ишлари келажак авлодга сабоқ бўлади. Қадимда Худога итоатсизлик қилган, ҳатто ундан ҳам жирканчлироқ ишларни бажарган ярамас шоҳлар ҳақида билишни истасангиз, яқинроқ ўтириб эшитинг.
Аслида бундай шоҳларнинг ҳисоби йўқ, шунга қарамай, бугун эътиборингизга улардан бир нечтасини ҳавола қиламиз. Шундай шоҳлардан бири Манаше эди. У ўн икки ёшида шоҳ бўлиб, Қуддусда эллик беш йил ҳукмдорлик қилган. У отаси Хизқиёга умуман ўхшамади.
Narrator 2 Отаси Хизқиё бутларга атаб барпо қилинган саждагоҳларни йўқ қилиб ташлаган эди. Аммо Манаше Исроил шоҳи Ахаб каби, худо Баалга атаб қурбонгоҳлар қурди, худо Ашерага сажда қилиш учун устун ўрнатди. Барча самовий жисмларга сажда қилиб хизмат этди. Унинг қабиҳ ва жирканч ишлари ҳақида Муқаддас Калом шундай дейди: «У Эгамиз уйининг иккала ҳовлисида ҳам жамики самовий жисмларга сажда қилиш учун қурбонгоҳлар барпо қилдирди. Ўғлини оловда куйдириб қурбонлик қилди, фол очтирарди, таъбирчиларга эътиқод қиларди, арвоҳ чақирувчиларга маслаҳат соларди» (4 Шоҳ 21:4-6). Худовандга қарши қилиш мумкин бўлган жамики ишларни қилган шоҳ Манаше эди. Бугун ҳам кўпгина оддий инсонлар Манаше қилган ишларни қилишади.
Narrator 1 Улар ҳам фолбинларга бориб, фол очтиришади, руҳларни чақиришади. Руҳлар билан даволайдиган табиблар олдига бориб, дардларига шифо излашади. Холбуки, бу ҳатти-ҳаракатлар Худонинг назарида жирканч эканлигини билишади. Бироқ билса ҳам, уни рад этишга ҳаракат қилишади. Бу ҳам Худонинг қудрати билан шу ишларни амалга ошираяпти-да, — деб баҳона излашади. Фолбинларга ишонган, руҳларни чақиртирган, Худодан бошқа нарсаларга ихлос қилган шоҳларни Худованд қандай жазолагани Муқаддас Каломда батафсил ёзилган. Яҳудо шоҳлари рўйхатидан бир қизиқ маълумотни олишингиз мумкин. Манаше ва Охоз исмли ярамас шоҳларнинг меросхўри, Яҳудонинг шоҳи Йўшиё, бутунлай бобоси Манашега ёки отаси Охозга ўхшамаган, художўй ва яхши шоҳ бўлди. Худованд шоҳликка Йўшиёни танлади.
Narrator 2 У бутларга аталган ҳамма саждагоҳларни бузиб ташлади, фолбинлар ва руҳларни чақирадиганларни юртидан ҳайдаб юборди. Йўшиёдан олдин ўтган ҳамма шоҳлар Худога маъқул келмайдиган ишлар қилиб, Унинг қаҳрини келтиришган. Худованд ҳам уларни қилган ишларига кўра жазолаган. Уларнинг ҳеч бири ҳотиржам, ўз ажали билан ўлмаган. Баъзилари жангда қочаётиб ҳайвонларга таланган ва хор бўлиб якун топган бўлса, баъзиларини сарой аъёнлари ўлдиришган. Ҳеч бирининг охирги тақдири ҳавас қиларли эмас. Энг ёмони Манаше қилган минглаб қабиҳликлар учун Яҳудо ҳалқи бир неча йил азоб чекди. «Эгамизнинг амри билан Яҳудо халқининг бошига кўп кулфат келди. Манаше қилган ҳамма гуноҳлар учун, беайбларнинг қонини тўккани учун, Эгамиз Яҳудо халқини Ўз ҳузуридан ҳайдамоқчи бўлди» (4 Шоҳ 24:3-4). Худовандга қарши қилинган гуноҳнинг бадалинини гуноҳкорнинг фарзандлари ҳам тўлашини ёдингиздан чиқарманг.